Сана: 31 май - Халқаро чекишга қарши курашиш куни

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 1988 йилда 31 май кунини Халқаро чекишга қарши курашиш куни деб эълон қилинган.

Ушбу сананинг глобал мақсади ҳозирги ва келгуси авлодни тамакининг нафақат соғлиқ учун салбий жиҳатларидан, балки ижтимоий, экологик ва иқтисодий талофатларнинг вайронкор оқибатларидан ҳимоя қилишга қаратилган.

ЖССТ маълмуотига кўра, ҳар йили тамаки истеъмоли оқибатида 6 миллионга яқин киши ҳаётдан кўз юмади ва агар унга қарши курашга киришмасак, бу кўрсаткич йилига 8 миллиондан ошади. Тамаки истеъмоли жинси, ёши, ирқи ва маданиятига қарамай, ҳар қандай киши учун хавф туғдиради.

Тамаки истеъмоли соғлиқни сақлаш ва фаолият самарадорлигининг пасайишини инобатга олганда, миллий иқтисодиёт учун қимматга тушади. У соғлиқни сақлаш соҳасидаги тенгсизликни чуқурлаштиради ва қашшоқлик муаммосини янада кучайтиради.

Тамаки истеъмоли натижасида эрта ўлим ҳолатларининг 80 фоизи паст ва ўрта даражали даромад олувчи мамлакатларга тўғри келади.

Тамаки етиштириш учун ҳар йили 4,3 миллион гектар ердан фойдаланилади, бунинг натижасида глобал ўрмонсизланиш 2 фоиздан 4 фоизга етади. Тамаки саноати шунингдек 2 миллион тоннадан ортиқ қаттиқ чиқиндиларни чиқаради.