Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Сайлов ёки сиёсатда ўзгариш бор(ми?)

24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилади. Айни кунларда ушбу жараёнга жиддий тайёргарлик кўрилмоқда. Бу борада аҳолида, кузатувчиларда турли саволлар туғилиши табиий. Биз ҳам ўзимизни қизиқтирган айрим саволларга жавоб олиш мақсадида 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси Фармон Тошев билан суҳбатлашдик.

 

- Фармон Исҳоқович, бу гал ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раислигини эгалладингиз. Сайловларда “суяги қотган” инсон сифатида ушбу вазифанинг оғирликлари ҳақида гапириб берсангиз.

- Аввало, саволни тўғрилаб кетсам, округ сайлов комиссияси раислиги эгалланмайди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари томонидан тавсия этилиб, Марказий савлов комиссияси қарори билан тайинланади.

Вазифа оғирлиги ҳақида гап кетганда бир сўз билан “йўқ”, деб жавоб беришим мумкин. Лекин айрим маълумотларни келтириб ўтишни лозим, деб биламан. Негаки, илгари жараённи ташкил этишга жалб қилинганлар жамоатчилик асосида фаолият юритарди. Энди участка, округ сайлов комиссиялари аъзоларига тегишли тартибда ҳақ тўланяпти.

Қолаверса, илгари сайлов қутисини ким ўрнатади, тарқатма материаллар қачон бўлади, ким беради, деган турли муаммоли масалалар кўп эди. Хабарингиз бўлса, 2019 йилги депутатлик сайловларида ҳам участка сайлов комиссиялари аъзолари фойдаланадиган оддий ручка-қоғоздан тортиб, уларнинг овқатланишигача барча масалаларга Марказий сайлов комиссияси томонидан зарур маблағ ажратилди.

Октябрь ойида ўтадиган Президент сайловида ҳам ташкилий, молиявий, ҳуқуқий ва бошқа бирор жабҳада муаммога ўрин қолдирилмаган. Участка ва округ сайлов комиссиялари аъзолари белгиланган муддат давомида семинар-тренингларда иштирок этгани фаолиятимизни қонун доирасида, белгиланган талаб даражасида ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

- Айрим хориж ОАВларида Ўзбекистонда мухолифат йўқ деган иддаолар айтилади. Сиз бунга қандай қарайсиз?

- Аслида бу саволга жавоб бериш менинг ваколатим эмас, лекин саволга савол билан жавоб бермоқчиман. Қайси қонун ёки Конституциямизнинг қайси моддасида мухолифат бўлиши шарт, деган норма бор? Тўғри, фикрлар қарама-қаршилиги, мутлақ ғоя ўрнатилмаслиги белгиланган. 

Миллий энциклопедияда мухолифат бўлишнинг асосий талаблари сифатида ҳокимиятни бошқариш бўйича ўз дастурига, фаолиятининг ғоявий, мафкуравий асосига эга бўлиш; дастурини мафкуравий йўллар билан кенг жамоатчиликка етказиш; ўз электорати (сайловчилар доираси)га эга бўлиш, улар манфаатини кўзлаб қонун доирасида курашиш; ҳал қилиниши керак бўлган вазифаларни ечиш учун альтернатив (муқобил) йўлларни таклиф этиб, унинг тўғрилигини амалда исботлашга ҳаракат қилиш келтирилган.

Саволингизда сиёсий мухолифат тўғрисида сўрамоқчи бўляпсизда, менимча. Юқорида айтганимдай юртимиздаги ҳар бир сиёсий партиянинг йўналиши, қарашлари ва позициялари ўзига хослиги саволга жавоб аслида. Чунки, улар бир-биридан фарқ қилади. Сиёсий партиялар мақсад, вазифаларини амалга оширишда бошқаларнинг манфаатларига зиён етказмасдан ҳокимият учун қонуний кураш олиб боряпти.

- Энди сайловчиларнинг фаоллиги билан боғлиқ савол бермоқчиман. Негаки, жараённинг нечоғлик қонуний эканлигида фуқароларнинг овоз беришдаги иштироки ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, айтингчи, фуқароларнинг Президент сайловига қизиқиши, унда иштирок этишга хоҳиши қай даражада, деб ўйлайсиз?

- Сайлов жараёнлари ҳақида сайловчиларни кенг хабардор қилиш, мақсадида роликлар, мақолалар, телерепортажлар тайёрланиб намойиш этиляпти. Қолаверса, Марказий сайлов комиссиясининг “Saylov-2021” веб-портали ишлаб турибди, “Saylov 2021” мобил иловаси яратилди. Умуман, жараёнлар доирасида барча оммавий ахборот воситалари орқали мингга яқин хабар, репортаж, таҳлилий мақола, интервью, блиц-тест ҳамда яна бошқа форматдаги кўплаб журналистик материллар эълон қилинган.

Бевосита саволга қайтадиган бўлсак, одамлар сайлов жараёнлари ҳақида нафақат оммавий ахборот воситалари, матбуот нашрлари, балки ижтимоий тармоқлар орқали ҳам хабардор бўлиб боряпти.