“Турк алфози била сурдум мақол”...
Бугунги мураккаб вазиятга қарамасдан, маънавиятни, маърифатни ҳар нарсадан устун қўйган Президентимиз яна бир муҳим қонунни имзолади. “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун ўзбек тилининг нуфузини янада юксалтириш учун ташланган муҳим қадам бўлди. Тил азалдан миллатнинг руҳи бўлиб келган. Ҳар бир миллат тили туфайли бу жаҳон саҳнида ўзлигини сақлаб қола олади.
Тил масаласи, она тилига эҳтиром кўрсатиш Ҳазрат Алишер Навоий асарларида кўп бора қаламга олинган. Умуман, Навоий ижодининг ўзиёқ, она тилига чексиз ҳурматнинг намунасидир. Негаки, улуғ шоир умрини туркий тилнинг ривожи йўлида барҳаёт асарлар яратишга сарфлади. Алишер Навоийнинг “Хамса”, “Лисон ут-тайр” достонларини туркий тилда яратиши, улкан лирик меросининг асосий қисмини туркий тилнинг бадиий жозибасини ўзида акс эттирувчи ғазаллар билан музайян қилгани, “Хазойин ул-маоний” куллиёти ва насрий асарлари буюк мутафаккирнинг ўз тилига бўлган улкан эҳтиромидан далолатдир. “Маҳбуб ул-қулуб” асарида “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз”, дея тилнинг ривожланишини элнинг равнақи билан вобаста тарзда тасаввур қилган улуғ шоир ҳар бир асарида туркий тилнинг гўзаллигини исботлашга ҳаракат қилган.
“Хамса”нинг илк достони “Ҳайрат ул-аброр”да тил, унинг фазилати, инсон камолотида тутган ўрни ҳақида қимматли фикрлар келтирилган. Шоир ижодида тилга эътибор, тилнинг инсон ҳаётидаги ўрни, хизмати, инсонни шарафлаши ва инсон ўз асосий алоқа қуроли – тилдан қандай мақсадларда фойдаланиши хусусида фикрлар жуда кўп. “Сўз” деганда шоирлар инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нутқни, тафаккурни, ўзаро алоқа воситаси – тилни, бадиий адабиёт ва умуман, ёзма ва оғзаки ижодни, тилнинг киши хулқ-атвори, одобига таъсири, тарбиявий аҳамиятини назарда тутган. Шунинг учун бўлса керак, инсон ихтиёридаги ижодий неъмат – тил қадриятига юксак баҳо берилган, ундан ўз ўрнида ва тўғри фойдаланиш ҳақида панд ва насиҳатлар асосига қурилган мушоҳадалар юритилган.
Алишер Навоийнинг фикрича, “Сўз гавҳарнинг шарафи” баландлигига сабаб унинг бутун олам қудрати тарафидан туҳфа этилганидир. У “тўрт садаф гавҳарнинг дуржи”, яъни тўрт унсур (сув, ҳаво, ўт, тупроқ)дан ҳосил бўлган инсон зотининг бош хусусиятини белгилайди. Инсон нутқи билан инсон, нутқ уни барчадан афзал этади. Сўз, нутқ – руҳ, қолип ичидаги жон, ҳаёт, ҳаракат демак. Тил фақат алоқа қуроли, инсонни мумтоз этган неъматгина эмас, балки инсон учун азоб-изтироблар келтирадиган нарса ҳам. Зеро, тил – киши бошига кўп фалокатлар келтиради, “руҳни ҳалок этади”.
Туркий тил ва форс тилининг қиёсига бағишланган “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида эса Алишер Навоий ўша пайтда шеърият тили ҳисобланган форсий тилни туркий тил билан солиштирар экан, бу қиёслар натижасида туркий тилнинг бадиий жозибасини кўрсатиб беришга эришган. Муаллиф мазкур асарида ўз тилида сўзлашмоқ, ўз тилида ижод намуналарини яратмоқ улкан шараф эканлигини куюнчаклик билан таъкидлаган: “Андин сўнграким, турк тилининг жомиияти мунча далоил била собит бўлди, керак эрдиким, бу халқ орасидин пайдо бўлғон табъ аҳли салоҳият ва табъларин ўз тиллари турғоч, ўзга тил била зоҳир қилмаса эрди ва ишга буюрмасалар эрди. Ва агар иккаласи тил била айтур қобилиятлари бўлса, ўз тиллари била кўпрак айтсалар эрди, ва яна бир тил била озроқ айтсалар эрди”.
Ўша даврда анъана ҳисобланган зуллисонайнлик ҳодисаси ҳақида тўхталган улуғ шоир икки тилни билган ижодкорлар ўз тили билан кўпроқ асар яратишлари лозимлигини уқтиради. Шу фикрлардан маълум бўладики, она тилини улуғлаш, унинг жозибасини намоён этиш ҳар бир миллат фарзандининг бурчи эканлигини Алишер Навоий бундан олти аср илгари айтиб ўтган экан.
Улуғ шоир умри сўнггида ёзган “Лисон ут-тайр” достони хотимасида ҳам туркий тилда ижод қилгани билан боғлиқ фахрияларини келтириб ўтган:
Чунки топтим ул калом ичра камол,
Турк алфози била сурдум мақол.
Нағмалар туркона соз эттим ўкуш,
Мастлиғдин ўйлаким хушнағма қуш.
Туркий тилда ижод қилгани туфайли бу тилнинг каломларидан камол топгани, кўплаб туркий қўшиқлар – ғазаллар яратганини ифтихор билан истифода этган улуғ шоир она тилига бўлган чексиз муҳаббатини ўзининг ҳар бир ижод намунасида кўрсатган.
Тилга эътибор, ундан ифтихор туйиш ҳисси, она тилимизнинг равнақи йўлидаги ҳар бир ҳаракатимиз аждодлар руҳини шод қилиш билан бирга, миллат тафаккурининг юксалишига хизмат қилади. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни имзолаши миллат тафаккури ва тамаддунида мислсиз эврилишларга йўл очишига шубҳа йўқ.
Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,
филология фанлари доктори, СамДУ профессори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.