Xitoyda tuxum qo‘yadigan tog‘ bor. U odamlarga omad keltiradi

Хитойнинг Гуйчжоу провинцияси туманларининг бирида ғайриоддий ҳодисани кузатиш мумкин: қоялардан бири том маънода тухум қўяди! Ушбу тоғларнинг сири нимада ва тош тухумлар одамларга омад келтириши ҳақиқатми?

Бу тоғ ҳудуди геолог олимларига жуда узоқ вақт давомида тинчлик бермаяпти. Тош тухумлар ҳар 30 йилда пайдо бўлади. Ушбу жумбоқли ҳодисани фаҳмлашга уриниш фақат янги саволларни туғдиради. Бироқ, мутахассисларда бир қизиқарли тахмин бор.

Ганденг тоғининг кўриниши қандай?

Гулу қишлоғи яқинидаги Ганденг тоғида 500 миллион йилдан кўпроқ вақт олдин шаклланган тухум қўядиган тоғ маъносини англатадиган машҳур Чан Да Я номли жой бор. Аслида бу 15х7 метр ҳажмдаги кичик майдон бўлиб, таркиби жиҳатидан ушбу минтақадаги бошқа тоғ жинсларидан фарқ қилади.

Ғайриоддий тухумларнинг ўзи 15-50 сантиметр диаметрли силлиқ овал шаклга эга. Тухумларнинг “пишиб етилиш” даври эса тахминан 30 йил давом этади. Кейин тош шакллари қоядан ажралиб, янги артефактлар учун бўш жой қолдириб қулаб тушади.

Маҳаллий аҳоли йилига камида бир марта бу ноёб тоғ тухумларига тегиниш учун тоғ этагида келишади. Ажабланарлиси, хурофотли хитойликлар уларни “муқаддас” деб атаб, омад, бахт ва фаровонлик рамзи қилиб қўйган. Ушбу минтақадаги ҳар бир оила омад келтиришига чин дилдан ишониб, ўз уйида бу ғайриоддий тухумларни сақлайди. Шу тариқа ҳозирда тоғнинг ўзида 70 га яқин тухум қолган.

Олимлар тухум қўядиган тоғ ҳодисасини фаҳмлаб олишга ҳаракат қилмоқдалар

Тош тухумлар ҳодисасини аниқлаш мақсадида геологлар шахсан Ганденг тоғи этагига келишади. Тахминлардан бирига кўра, Чан Да Я жойлашуви асосан оҳактошдан, Ганденг майдони эса зичроқ жинслардан иборат. 500 миллион йил олдин шаклланганлиги сабабли унга кўплаб ташқи омиллар таъсир кўрсатган. Уларнинг асосийларидан бири ёғингарчилик. Геологлар узоқ вақт давомида минтақадаги тошлар ва уларга намлик таъсирини ўрганиб чиқди. 

Олимлар сув, кўчкилар ва бошқа янада зичроқ жинсларнинг таъсири остида ушбу тухумга ўхшаш шаклланишлар ҳосил бўлишини таъкидлашади. Негаки, маълум бир жинснинг емирилиш даври тафовути турли вақтларни кўрсатяпти. Бу ҳодиса феномен ҳисобланади, чунки бу майдон кичик, тош тухумлар эса жуда катта.

Яна бир тушунарсиз нуқта: нега ноёб тухумлар сирти шунчалик силлиқ? Ахир, табиат кучлари уларга ҳам 30 йил давомида ўз таъсирини кўрсатиб келган-ку. Афтидан олимлар ҳали ҳам жавоб топишлари керак бўлган саволлар бир талай.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.