Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Ёш киноижодкорларнинг “Ўзбеккино”га қандай эътирози бор?

"Ўзбеккино" миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ёш киноижодкорлар билан учрашув ўтказди.

Тадбирда агентлик бош директори томонидан ёш истеъдод эгаларининг таклифлари тингланди, билдирилган муаммоларнинг ечимини топиш чоралари изланди. Миллий киноларимизни жаҳон экранларига олиб чиқиш учун ёш киноижодкорларга шароит яратиш лозимлиги таъкидланди.

- Кино жамоавий соҳа, яхши жамоа йиғсак, яхши фильм ярата оламиз, - деди “Чой” фильми режиссёри Шокир Ҳолиқулов. – Грант учун 1 миллиард сўм маблағ ажратилди. Аммо сертификатда ёшлар орасидан замон қаҳрамони яратиш ҳақида айтилган. Мен ёзган киносценарий чол ва кампирнинг дардлари ҳақида. Режиссёр қачонки, мавзуни ҳис қилсагина, мукаммал асар яратади, томошабинлар қалбига кириб боради. Шунинг учун замон қаҳрамонини ёшлар орасида эмас, кексалар орасида яратмоқчиман.

Учрашувда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаларининг амалиёт ўташида техникалар, монтаж жараёнларида компьютерлар муаммо бўлаётгани, институтнинг қуйи босқич талабалари ва “Ўзбеккино” томонидан суратга олинаётган фильмлар ўртасида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш, ёшларнинг малака ошириши учун хориж тажрибасини ўрганиш каби масалалар юзасидан мутахассисларнинг таклифи тингланди.

- Агентликка 2020 йилда ажратилган маблағнинг аксарият қисми “Ўзбеккино”нинг моддий-техник базасини янгилаш, янги техник воситаларни олиб келиш учун ажратилади, - деди Ф.Абдухолиқов. - Ўтган йилда 6 та қисқа метражли фильм учун гранд ажратилган бўлса, 2020 йилда улар сони 15 тага оширилиши режалаштирилган. “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликда Бутунроссия давлат кинематография институти ва соҳадаги халқаро таълим муассасаларига 10 нафардан, “Мосфильм” киноконцернига 20 нафар ходим ва мутахассислар, Ҳиндистоннинг 2019-2020 йилларга мўлжалланган техник ва иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида 15 нафар ўзбекистонлик ёш киноижодкорлар, туркиялик киноижодкорлар ёрдамида суратга олинаётган “Жалолиддин Мангуберди” бадиий фильмини тасвирга олиш жараёнида иштирок этиш учун 4-6 кишилик ижодий гуруҳ Туркияга юборилади.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги ахборот хизмати.