Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда коронавирусга чалинган илк бемор ва унинг фарзандлари дарддан фориғ бўлди

Самарқандда 4 нафар коронавирусга чалинган беморлар бутунлай касалликдан фориғ бўлди. Бугун улар вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари ҳамкорлигида уйларига кузатиб қўйилди. Беморларнинг икки нафари эркак киши, икки нафари вояга етмаган болалар.

- Икки нафар фарзандим, ўзим шу хасталикка чалиндим, - дейди Самарқандда биринчилардан бўлиб коронавирусга чалинган бемор. - Ҳозир уччаламиз бу дарддан фориғ бўлганимиздан бахтиёрмиз. Шифокорларнинг, ҳукуматнинг ёрдамини ҳис қилиб турдик. Ҳали даволанаётганлар ичида яна қариндошларимиз бор. Уларнинг ва бошқа барча беморларнинг ушбу хасталикни енгиб ўтишларини истайман.

Ҳар бир инсон ўзини ҳимоя қилишини хоҳлайман. Қоидаларга амал қилиш лозим. Бутун оилани касалликка чалиниши кишини саросимага солиб қўяди. Шунинг учун шифокорларнинг тавсиясига қатъий амал қилиш керак.

Бугун тузалиб чиққан беморлар орасида касаллик аломатларини сезгани заҳоти ўзини алоҳидалашга ҳаракат қилган юртдошимиз бор.

- Шунинг учун оила аъзоларимиздан бошқаларга касаллик юқмади, - дейди у. - Касаллик менда унча оғир кечмади, шифокорларнинг нафақат дори-дармонлар билан муолажалари, балки далда беришлари, ваҳимага, стресс ҳолатига тушиб қолмаслигимизга имкон берди. Бу эса касалликни енгишда энг муҳими.



- Юртимизда ушбу вирусга қарши олиб борилаётган ишлар, муолажалар Самарқандда ҳам амалга оширилди, - дейди тиббиёт фанлари доктори С.Вафоқулов. - 50 йилдан буён вилоят юқумли касалликлар шифохонасида фаолият олиб боришим давомида илк бор бу каби пандемия ҳолатига дуч келишимиз. Шундай бўлса-да, шифокорлар ўзини йўқотиб қўймади, ўз вазифаларини аниқ, масъуллик билан олиб боришмоқда. Айни пайтда Самарқанддаги коронавирусга чалинган беморларнинг аҳволи яхши, оғир аҳволдагиси йўқ. 80 ёшли, сурункали хасталиклари бор онахон ҳам шу хасталикка чалиниб, аввалига аҳволи бироз оғирлашганди. Шифохонага юқори малакали бошқа йўналишдаги шифокорлар ҳам жалб этилгани, доимий равишда пойтахтлик, хорижлик мутахассислар билан алоқада бўлингани туфайли беморларга тизимли ёрдам кўрсатилди. Айни пайтда онахоннинг аҳволи ҳам яхшиланди. Яқин кунлар ичида бошқа беморларнинг ҳам тузалиш эҳтимоли бор.

Гулруҳ МЎМИНОВА.