Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака кетади»

Халқимизда шундай нақл борлигини эшитгансиз. Агар жанжал бир кун эмас, ойлар, йиллар бўйи давом этса-чи? Унда барака қанча вақтга кетади? Қирқ йилгами?

Буни бежиз айтмаяпмиз. Гап шундаки, вилоят ҳокими ўтказган сайёр қабулда Ургут туманининг Раҳматобод маҳалласида яшовчи Аҳмад Файзиев ер ва мулк муаммосида мурожаат қилди.

Мурожаатнинг мазмуни жуда оддий: «Қишлоғимизда яшовчи бир неча фуқаро биржа орқали сотиб олган ер майдони ва мулкимга эгалик қилиш, иморат қуриш ва фаолият юритишимга қаршилик қиляпти. Шу масалада ёрдам берсангиз…».

Мурожаатни ўқиб, «Агар ер ва мулк қонуний тарзда олинган бўлса, масалани ечиш қийин иш эмас», деб ўйладик. Ўйлаганимиздек, ер майдони ҳам, мулк ҳам қонуний олинган, ҳужжатларда камчилик йўқ экан. Фақат масалани ечиш биз ўйлагандек осон кечмади. Нега, дейсизми? Унда воқеа тафсилотлари билан танишинг.

Аввало, ҳужжатларга бир бор разм солайлик.

Ургут тумани, Раҳматобод маҳалласи Пудори қишлоғида яшовчи Аҳмад Файзиев 2008 йилнинг бошида тумандаги «URGUT JARTEPA TEX SERVIS» масъулияти чекланган машина-трактор паркига қарашли собиқ «Зарафшон» ширкат хўжалиги ҳудудида жойлашган пиллахонанинг сотилаётгани ҳақида эшитади. Уйига яқин жой эмасми, у ерда тадбиркорлик фаолиятини юритишни мўлжаллаб, дарҳол зарур ҳужжатларни тўғрилайди ва биржа савдосида иштирок этади. Натижада 2008 йил 12 февраль куни «Ўзбекистон банклари ассоциациясининг универсал биржа маркази» томонидан ташкил этилган электрон биржа савдосида ушбу мулкни 1 миллион 500,2 минг сўмга сотиб олади. Биржа марказининг баённомаси ва шу асосда берилган шартнома топшириқномасига асосан А.Файзиевга туман ҳокимининг пиллахона ва ушбу бино фойдаланишида бўлган ер майдонини доимий фойдаланиш учун бириктириб бериш тўғрисида қарори қабул қилинади.

Ана, ҳужжатлар тахт. Энди тадбиркорликни бошлаш керак, холос. Аммо «майдонга» бир муаммо чиқади: сотиб олган пиллахонага туташ майдонда акаси – Асад Турсунов ва унинг фарзандлари истиқомат қилади. Энди улар тадбиркорнинг бу ерда фаолият юритишига изн бермайди: «Асосий йўлдан ҳовлига кириш учун йўл қолдирасан, қурадиган иморатингни томорқамдан узоқроқ қиласан». Аҳмад ака эса сотиб олган мулки атрофидаги оғаси эккан теракларни олишни талаб қилади. Хуллас, ҳали у баҳона, ҳали бу баҳона сабаб ўртада жанжал чиқаверади. Бироз муддат пиллахонанинг бир хонасидан савдо дўкони сифатида фойдаланилганини айтмаса, бу ерда аҳиллик бўлмагани, аксинча ўзаро жанжаллар сабаб ҳам давлатга, ҳам тадбиркорга, ҳам аҳолига фойда келтирадиган мулк харобага айланиб тураверади. «Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун, йиллар давомида жанжаллашадиган жойдан қирқ йил… барака кетади», деганимизнинг маъноси шунда.

Мурожаатни ўрганиш учун шу йилнинг 30 май куни туман ҳокимлиги юристи Р.Тиллаев, туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси бошлиғи Б.Умаров, маҳалла фаоллари ва профилактика инспектори ҳамроҳлигида Пидори қишлоғида бўлдик. Билишимизча, бири етмиш, бири саксон ёшни қоралаб қолган ака-укалару уларнинг фарзандлари жанжали, шахсий адоватига барҳам бериш учун маҳалла фаоллари, тумандаги қатор идора мутасаддилари ҳаракат қилишган. Аммо бу кутилган натижани бермаган. Ҳатто, А.Файзиев бундан аввалроқ – март ойида вилоят ҳокимининг сайёр қабулида шу масала билан мурожаат қилганида ҳоким ҳолатни диққат билан тинглаб, унинг ечими учун диний идора вакилларини жалб этган. Тўғри-да, аввало ёши улуғ, қолаверса, оға-ини бўлган кишиларнинг ўзаро адоватини одамийлик, диний арконлар, оқибатлилик тамойиллари асосида ҳал этиш энг маъқул йўл.

- Бундан икки ой аввал бу масалани ечиш учун туман ҳокимлиги мутахассислари билан Пудори қишлоғига боргандик, - дейди туман бош имом хатиби Ш.Ҳақбердиев. – Ҳолатни ўрганиб, маҳалла фаоллари, Аҳмад ака ва Асад ака (у кишининг ўзи касалхонада экан)нинг қариндошларини бир жойга тўплаб, уларнинг фикрларини, муддаоларини тингладик. «Икки метрлик ер кимдан ҳам қолмайди, ака-ука, қариндош-уруғларнинг бу зайлдаги жанжали эшитган қулоққа уят», дея асосий йўлдан Асад аканинг ҳовлиси томонга тўрт метрлик кириш йўлаги ва Аҳмад ака қурадиган иморатни қўшни ҳовлига икки метр ташлаб, бунёд этиш таклифини бердик. Бу томонларга маъқул тушди ва далолатнома тузилди, розилик хатлари ёзилди. Шундан кейин дуо қилиб, чегаралар белгиланган ҳолда қозиқларни қоқтирдик. Масала шу билан ҳал бўлди, деб ўйлагандик. Бугунга келиб Аҳмад ака лафзидан қайтибди. Очиғи, бу на диний, на дунёвий қоидаларга тўғри келади. Лафз қилиш, розилик билдириш, келишувга кўра ерларни ўлчаб, қозиқ қоқиш – Аллоҳ розилиги билан иш тутиш демак. Бундан юз ўгирмоқ – гуноҳ.

Бизнинг мурожаатни ўрганишимиз ҳам туман ҳокимлиги юристи Р.Тиллаевнинг А.Файзиевга 30 мартдаги ўша келишувдан нега юз ўгирганлигига жавоб олишдан бошланди.

- Отахон, ахир, ўша куни дастлаб масаланинг қонуний ечимини ахтардик, - дейди Р.Тиллаев. – Ака-ука, қариндошчиликка ноқулайлик келтирадиган жиҳатлар мавжудлиги туфайли одамийлик юзасидан акангизнинг ери ҳудудига икки метр қолдириб, иморат қуришга рози бўлдингиз, энди бундан юз ўгираётганингиз нимаси?

- Ўйлаб кўрсам, у келишув менга маъқул келмади, - дейди А.Файзиев. – Бугун акамга икки метр ер ташласам, эртага қўшниси менга ҳам шундай қиласан, дейди. Унда нима қиламан. Шунинг учун менга қонуний ҳолда олган ер майдонимни ажратиб беринглар, тамом-вассалом.

Мурожаатни ўрганиб, бир қарорга келишимиз осон бўлмади. Соатлаб давом этган тортишувлар давомида амаки, янга ва жияннинг бир-бирини ҳақорат қилишидан, очиғи, уялдик. Ҳолат шу даражага келганки, масалага қонуний ечим изланса, қариндошлик ришталари буткул узилиши, ўртада пайдо бўлган низо яна кўп йиллар давом этиши мумкин. Аксинча ҳолда ҳал этилиши эса қурилажак иморатнинг кадастр чизмаларидан фарқ қилишига олиб келади. Қолаверса, энди бу келишувга Асад бобонинг фарзандлари асло рози эмас…

Савол туғилади: масала нега бунчалик чигаллашди?

Жавоб оддий: мулкни сотиб олган А.Файзиев қўлидаги бизнес-режа асосида дарҳол тадбиркорлик фаолиятини бошламаган. У кишининг давлат мулкидан самарали фойдаланмаётганлиги на туман ҳокимлиги, на мутасадди идоралар раҳбарларини қизиқтирган. Мавжуд 4,3 сотих ер майдонига эга мулк, мана, 11 йилдирки, ҳеч кимга фойда келтирмаяпти. Ваҳоланки, бу ер уддабурон тадбиркор қўлига текканида неча кишига иш ўрни яратилган, маҳсулот ишлаб чиқарилган ёки аҳолига сифатли хизмат кўрсатилган, давлатга миллионлаб миқдорда солиқ тўланган, ўнлаб кишининг рўзғори обод бўлган бўларди. Бунга ким баҳо беради? Тадбиркор мулкни сотиб олди, дегани уни хоҳласа ишлатади, хоҳламаса йўқ, ихтиёри ўзида, дегани эмаску. Агар А.Файзиев мулкни сотиб олган вақтида белгиланган чегара ҳудуддан иморатни қуриб, низолашаётган томонни девор билан тўсганида ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганида жанжаллар келиб чиқмаслиги мумкин эди-ку. Ҳатто бугун ҳам мулкнинг хароба бўлиб ётгани ҳали-бери жанжалларга барҳам берилмаслигидан далолат. Бундан туман ҳокимлиги ва тадбиркорлик фаолиятини назорат қиладиган идоралар мутасаддилари хулоса чиқарсалар маъқул бўларди.

Акрам ҲАЙДАРОВ,

«Зарафшон»нинг махсус мухбири.