Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иссиқхона қачон битади, Холиқулов!

Хат таҳрирсиз босилмоқда

Нуробод тумани ҳокимлиги ва “Нуробод агро томорқа сервис” МЧЖ эътиборига!

Сизларга қилган мурожаатларим натижасиз қолавергач, дардларимни газета орқали айтишга қарор қилдим.

Яхши биласизлар, ўтган йил бизнинг Жом қишлоғимизда “Обод қишлоқ” дастури асосида жуда катта ободонлаштириш ишлари бажарилди. Аҳоли уй-жойлари таъмирланиб, банк кредити асосида ҳовлиларда ихчам иссиқхоналар қуришга киришилди. Қишлоқ жойда бундай имконият берилиши кўпчилик учун кутилмаган имтиёз бўлди. Биз ҳам бундан хурсанд бўлиб, уйимизда 1 сотих ҳажмдаги иссиқхонани барпо этишга қарор қилгандик.

Келиним Н.Норбоева номига АТИБ “Ипотека банк” Кўксарой филиалидан 5 миллион 321 минг сўм кредит маблағи ажратилиб, менинг кафиллигим иштирокида уч томонлама шартнома тузилди. Банкка эътирозим йўқ, маблағни “Нуробод агро томорқа сервис” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб беришди. Жамият эса шартномага кўра, асосий ижрочи сифатида белгиланган муддатда узунлиги 16 метр, эни 6 метр, чуқурлиги 2 метр бўлган иссиқхонани қуриб бериши лозим эди.

Орадан 10 ойга яқин вақт ўтган бўлса-да, иссиқхона ҳалигача тайёр эмас. Ташкилот аввал иссиқхонанинг ўрасини қазиб, тўхтаб қолди. Вилоят ҳокимига мурожаат қилганимиздан сўнг каркасларни ўрнатди. Бу ишлар ҳам чала бажарилди.

Бу орада бир неча бор ташкилот раҳбари Б.Холиқуловга мурожаат этдим. Лекин натижа йўқ. Юқори идораларга мурожаат қилганимиздан сўнг туман ҳокими ўринбосари, Жом маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва “Нуробод агро томорқа сервис” МЧЖ раҳбари хонадонимизда бўлиб, 2018 йил 25 сентябрга қадар иссиқхонани ишга туширишни ваъда қилиб, далолатнома ҳам тузиб кетишганди. Аммо бу далолатнома ҳам далолатномалигича қолиб кетди.

Бундай ўртасарсон “иссиқхоначилар” Жомда жуда кўпчилик эканмиз. Аксарияти мен каби кафилликка ўтган ёки кредитни ўз номига расмийлаштирганлар йўқ иссиқхона учун тўловларни тўлаб келяпмиз.

Энди айтинг-чи, биз яна кимга мурожаат қилайлик, кредит тўловини ниманинг ҳисобидан тўлайлик, иссиқхона учун банк томонидан ажратилган пул қаерга кетган?

Олимжон НОРБОЕВ,

Нуробод тумани Жом маҳалласи.