Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Италиялик профессор тиш қўйишдаги инновацион усуллардан сабоқ берди

Халқаро стоматологлар Конгрессида иштирок этган MegaGen халқаро таълим ва клиник тадқиқотлар тармоғининг италиялик профессори Диего Лопс Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Самарқанд шаҳар марказий шифохонасида тиббиётнинг стоматология йўналиши ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиш ниятини билдирган профессор иштирокида илмий-амалий семинар ўтказилди.

Республикамизнинг Самарқанд, Андижон, Тошкент, Навоий, Қашқадарё, Сурхандарё вилоятларида фаолият юритаётган стоматологлар, юз-жағ жарроҳлари, имплантологлар иштирок этган семинарда Италиянинг Милан университети профессори Диего Лопс бутун дунё имплантация соҳасида ишлатилиб келинаётган “AnyRidge”, “AnyOne” сўнгги авлод тиш имплантлари бўйича фикрларини билдирди. Имплантация амалиётида эстетика, юз-жағ жарроҳлигида замонавий усуллар, уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича маҳорат сабоқлари ўтказди.

– Тиш қўйиш, экиш каби амалиётларда замонавий тажрибалар соғлом тишларга тегмасдан, бу вазифани косметик тарзда бажаришни тақозо қилади, - дейди Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси юз-жағ жарроҳлиги бўлими жарроҳи Алишер Аҳроров. - Бундай инновацион технологиялардан фойдаланиш, уни қўллай билишда хорижлик ҳамкасбимизнинг тажрибалари муҳим аҳамиятга эга.

Маҳорат дарслари давомида иштирокчиларга ушбу усуллар онлайн тарзда кўрсатиб берилди.

Г.МЎМИНОВА.