Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Коронавирус Қорақалпоғистонда ҳам қайд этилди

Нукусда 2 нафар фуқарода коронавирус аниқланди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2020 йил 6 апрель соат 09:00 ҳолатига кўра, Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинган икки бемор аниқланган.

Нукус шаҳрида яшаётган бир эркак киши ва унинг онаси “COVID-19” инфекцияга гумонланиб, Республика юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Маълум бўлишича, эркак киши иш юзасидан 14 март куни Тошкент шаҳрида бўлган. Улардан тегишли таҳлиллар олиниб, Республика санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг вирусология лабораториясига ва Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-амалий текшириш институтига юборилган. 2020 йил 5 апрель санасида тунда таҳлил натижалари ушбу икки фуқарода коронавирус касаллиги бор эканлигини тасдиқлади.

Ушбу икки фуқаро вирусга гумон қилинишидан бошлаб дарҳол улар билан мулоқотда бўлган кишилар эпидемиологик текширувга олиниб, улар ҳам карантинга олинди. Ҳозирда ушбу икки фуқаро Республика юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг аҳволи ўртача даражада.