Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Одам-амфибия" фильми қаҳрамони Ихтиандр - Владимир Коренев вафот этди

Россия Федерацияси халқ артисти Владимир Коренев 81 ёшида вафот этди. Актёрнинг қизи Ирина Кореневанинг маълум қилишича, актёр коронавирусга чалинган. «Отам вафот этди. Ўлими олдидан у "қизил зона"да коронавирусдан даволанаётган эди», деди Владимир Борисовичнинг қизи.

В.Коренев 1940 йил 20 июнда Россиянинг Севастополь шаҳрида туғилди. Россия театр ва санъат институти - ГИТИСда таҳсил олди. У охирги курсда ўқиётганида Владимир Чеботаревнинг "Одам-амфибия" фильмида бош рол (Ихтиандр)ни ижро этишга таклиф қилинди. 1962 йилда совет кинопрокатининг етакчисига айланган фильм экран юзини кўрганидан сўнг 20 ёшли Коренев бутун мамлакатга машҳур бўлди.

Владимир Коренев фаолияти давомида «Дон-Кихотнинг болалари», «Ҳалокатли куч», «Арбат фарзандлари», «Охирги истиғфор» каби 50 дан ортиқ кино ҳамда ўнлаб

театр саҳнасида маҳоратли роллар ижро этган, аммо дунёнинг аксарият томошабинлари уни "Одам-амфибия" фильмидаги Ихтиандр сифатида билишарди.

1961 йилдан бери Коренев Москва Станиславский драма театри труппасида роль ўйнаб келди. Шунингдек, у кўп йил ўқитувчилик фаолиятини ҳам олиб борди. Ўн йилдан кўп вақт давомида ўзи асос солган Гуманитар таълим ва ахборот технологиялари институтининг театр санъати факультетида актёрлик бўлимини бошқариб келди.

Россия кино ва театр санъати жамоатчилиги актёр билан видолашишни катта маросим сифатида ташкил қилмоқчи. Бироқ маросим сана ва вақти ҳали номаълум.