Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонлик жиҳодчи 9 йилга қамалди

Ўзбекистон Олий суди 33 ёшли андижонлик Б.М.ни 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

Маълум қилинишича, фуқаро Москва вилоятининг Серпухов районига ишлаш учун борган. 2011 йилнинг декабрь ойига қадар фарғоналик А. ва андижонлик У. исмли шахслар билан биргаликда қурилиш ишларида ишлаган.

Икки шахс “Жиҳодчилар” диний экстремистик ташкилотининг “Москва жамоати” аъзолари бўлган ва улар аста-секин Б.М.ни “ҳижрат”, “жиҳод” қилишга даъват этган. Оқибатда Б.М. уларга эргашиб, “Жиҳодчилар” оқимининг “Москва жамоати” аъзосига айланган.

2011 йил декабрь ойида у Покистоннинг Мир-Али шаҳрига бориб, “Туркистон ислом ҳаракати” халқаро террористик ташкилотига қўшилади.

Дастлаб у жангарилар тайёрлаш лагерида қурол-яроғ ҳамда портловчи қурилмалар билан ишлаш усулларини ўрганади. Сўнгра 2012-2013 йиллар давомида “Носир” тахаллуси остида Покистон ҳукумати қўшинларига қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этади. “Туркистон ислом ҳаракати” ташкилоти Покистон қуролли кучларининг жиддий қаршилигига учрагач, 2014 йилнинг ноябрь ойида улар Афғонистонга ўтишади.

2015 йилнинг охирида Б.М. “Ислом давлати Хуросон вилояти” террористик гуруҳи сафига қўшилиб, 2016-2018 йилларда гуруҳ аъзоларига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш билан шуғулланади.

2019 йилнинг 3 апрель куни Б.М. Ўзбекистонга қайтарилган ва унинг содир этган қилмишлари атрофлича кўриб чиқилган.

Суд уни 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.