Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Рейддан аввал йўловчи ташишни қонуний йўлга қўйишни ташкил этиш керак эмасми?

Zarnews.uz сайтида “Иштихон туманида талаб даражасида транспорт хизмати кўрсатилаяптими?” мақоласини ўқиб, ўзим гувоҳ бўлган бир ҳолат ёдимга тушди.

Яқинда Қурбон ҳайити байрами олдидан қишлоққа йўл олдик. Самарқанддан Қўшработга 20 минг сўмга “Келинг-келинг” билан олиб борадиган таксичилар байрамдан бир кун олдин йўл ҳақини 30 мингга кўтариб олган. Ҳайдовчилардан бунинг сабабини сўраганимизда “Минсангиз шу, бўлмаса ўзингиз биласиз”, деган жавобдан нарига ўтишмади. На илож, машинага ўтирдик.

Қўшработга етиб борганимизда биз бундан-да “ажойиб манзара”га дуч келдик.

Ҳаво иссиқ. Қўшработ тумани марказидан Заркент қўрғонига борувчи бирорта такси йўқ. Айтишларига қараганда йўлда “ГАИ” турган экан, бироқ ажабланарлиси бу йўналишда қонуний йўловчи ташиш йўлга қўйилмаган. Шу боис, Қўшработ тумани марказидан Заркент қўрғонига қатновчи таксиларнинг бирортасида лицензия йўқ.

Тўхтаган машинага “Олиб кетинг”, десангиз, “Иложим йўқ, йўлда рейд бўлаяпти”, дейди. Иссиқдан қийналиб манзилига тезроқ етишни истаётганлар орасида кексалар, қўлида чақалоғини кўтариб олган аёллар ҳам бор. Аммо ҳар куни ҳузур-ҳаловатда қатнаб турган таксичилардан дарак йўқ.

Хўш, нега йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг айнан байрам куни ноқонуний таксичиларни назорат қилиш эсига тушиб қолди? Назорат қилар экан, нега ноқонуний киракашлар ўрнига муқобил хизмат йўлга қўйилмайди?

Рейд ўтказаётган ЙҲХ ходимлари “Қўшработ–Заркент” йўналишида бирорта қонуний автобус ёки маршрут қатнамаслигини билишармикан? Президентимизнинг одамларни рози қиламиз, одамлар нимани хоҳласа шуни қиламиз, деганини “ГАИ” ходимлари одамларни кўчада қолдириш керак деб, тушунишаяптими?

Олим Соннибоев.