Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Совуқни «жимжитлик» билан енгиб бўлмайди, аммо...

“Нududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали матбуот хизмати шу йил 6 январь куни сайтимизда эълон қилинган “Совуқни «жимжитлик» билан енгамизми?” сарлавҳали мақолада кўтарилган муаммолар юзасидан жавоб йўллади.

Унда шундай дейилади:

“Кейинги кунларда ижтимоий тармоқлар орқали табиий газ таъминоти бўйича қатор мурожаатлар келиб тушмоқда. Хабар қилинганидек, 2021 йил 4 январдаги Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг баёнотига кўра, "Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси"га қарашли бешта нефть ва газ қазиб чиқариш конларида электр энергияси билан боғлиқ муаммоли ҳолат юзага келди. Оқибатда “Муборак газни қайта ишлаш заводи”дан газ таъминоти деярли тўлиқ тўхтатилган. Шундан сўнг авария-носозлик тезда бартараф этилган ва ҳудудда иш жараёнлари тикланган.

Ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши билан газ истеъмолининг икки ҳиссага ортиши, кўп қаватли уйларда иситиш тизимининг ишламаслиги ва бошқа бир қатор омиллар сабаб Самарқанд шаҳридаги газ тармоқларининг сўнгги нуқталарида жойлашган хонадонларда табиий газ босимининг пасайиб кетиши кузатилмоқда.

Ҳудудлардаги табиий газ босимининг меъёрдан пасайиши, газ сўрғичларни ўзбошимчалик билан ўрнатиб, улардан фойдаланилаётгани сабабли ҳам бундай ҳолатлар юзага келмоқда. Хусусан, 2021 йилнинг ўтган ҳафтаси мобайнида вилоят бўйича 45 та газ тортувчи насослар аниқланиб, тармоқдан кесиб олинди.

Бундан ташқари, газ тармоғига “тадбиркор”лар томонидан 6 та ноқонуний уланиш ҳолатлари қайд этилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилди.

Айни пайтда “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиалида табиий газ таъминоти назоратини ўрнатиш ва режимсозлаш ишларини амалга ошириш учун кеча-ю кундуз ишловчи штаб ташкил қилинди. 23 та тезкор авария-таъмирлаш гуруҳларига 60 нафарга яқин ишчи-ходим биркитилди. Улар жойларда юзага келадиган авария ёки техник носозликларни бартараф этиш учун зарур бўлган транспорт воситалари, асбоб-ускуналар, махсус ишчи кийимлар ва тегишли бутловчи қисмлар билан таъминланди. Филиалимизда юзага келган ҳолатлар бўйича ҳудудлар, жумладан, туман, шаҳар ва маҳаллалар кесимида маълумотлар мавжуд бўлиб, барчаси назоратга олинган.

Таҳририятдан: Аввало, “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали сайтимизда эълон қилинган мақолага нисбатан муносабат билдириб, жим турмаганлиги учун миннатдорчилик билдирамиз. Аммо жавоб берилар экан, қайси ҳудудларда газ таъминоти пасайгани ва сабаблари ҳақида тўхталиб ўтилмаган. Қайси ҳудудлар газ келишидан «умидини узиб қўйишлари» ва бунинг сабаблари ҳақида ҳам айтиб ўтиш зарур эди.