Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тамага ружу қўйган божхоначи жазоланади

Самарқанд вилояти божхона бошқармасида коррупцияга қарши курашишга бағишланган тадбир ўтказилди.

Қайд этилдики, жорий йилнинг 10 ойи давомида вилоят божхона бошқармаси шахсий таркибидаги 37 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган. Бир нафар ходим салбий ҳолат бўйича божхона органларидан бўшатилган.

Шунингдек, бошқарма аппарати ва божхона постларида коррупцияга қарши курашиш бўйича 46 маротаба йиғилиш ўтказилиб, ходимлар билан 36 маротаба индувидуал профилактик суҳбатлар олиб борилган.

Шу билан бирга, “Жартепа” чегара ҳамда “Самарқанд аэропорти” божхона пости орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ўртасида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 30-моддасига асосан ижтимоий сўровномалар ўтказилган.

Фуқаролардан ходимларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан 12 та ариза ва шикоятлар келиб тушган. Шундан, 4 та шикоят юзасидан хизмат текширувлари ўтказилиб, тўпланган ҳужжатларга кўра, мурожаатларда кўрсатилган ходимларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ўз тасдиғини топмаган.

Бошқарма навбатчилик қисмида (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” мунтазам равишда ишлаши таъминланган.

Ходимларнинг моддий манфаатдорлиги коррупцияга қарши курашишнинг муҳим воситаси эканлиги ҳисобга олиниб, божхона ходимларининг ойлик маоши ҳам ўтган йили ноябрь ойида бир неча фоизга оширилди. Бундай ғамхўрлик шароитида пора олишга уринган божхоначи албатта, жазоланиши зарур.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.