Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутда меҳр-мурувват ишлари давом этмоқда

Ургут туманидаги ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига тадбиркорлар ва саховатпеша кишилар ташаббуси билан озиқ-овқат маҳсулотлари келтирилиши ва уларни эҳтиёжманд оилаларга етказиш ишлари узлуксиз давом этмоқда.

Туманда халқ дардини ўз дарди, деб билган тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этади. Улардан бири “URGUT FRESH GARDENS" агрофирмаси раҳбари Равшан Дониевдир.

- Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига жами 1 минг 500 эҳтиёжманд оила учун ун, ёғ, гуруч ва шакар каби озиқ-овқат маҳсулотлари келтирдик, - дейди тадбиркор. - Бундан ташқари, ўзимиз яшайдиган Ғўс қишлоғидаги 500 оилага ҳам етти турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари етказишни режалаштирганмиз.

- Марказимизга тадбиркорлар томонидан келтирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг кети узилмаяпти, - дейди туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими қошида ташкил этилган ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази мутахассиси Рашид Тўраев. – Туманимиздаги мавжуд 102 та маҳаллада 35 минг эҳтиёжманд оила аниқланган. Келтирилаётган ҳомийлик ёрдамлари шу куннинг ўзида тақсимланиб, 5 та махсус автомашинада ўз эгаларига етказилмоқда.

Ургутлик тадбиркорлар нафақат шу туман, балки вилоятнинг бошқа ҳудудларида яшовчи аҳолига ҳам ҳомийлик ёрдамларини кўрсатишмоқда.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.