Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Йил якунигача оилавий тадбиркорларга 156 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилади

Самарқанд вилоятида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2020 йил якунига қадар яна 156 миллиард сўмдан кўпроқ имтиёзли кредитлар ажратиш ва натижада 2 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Жорий йилда вилоятдаги 71 та экпортёр корхонага айланма маблағларни тўлдириш учун 480 миллиард 176 миллион сўм кредит ажратилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаси субъектларининг айланма маблағлари учун зарур кредитларни ўз вақтида ажратиш бўйича пандемия даврида, март-июнь ойларида 4 570 тадбиркорлик субъектига 551 миллиард 288 миллион сўм маблағ ажратилди. 3 та мева-сабзавотчилик кластерининг лойиҳаларига 9,4 миллиард сўм кредитлар берилди.

2020 йилнинг ўтган даврида ажратилган кредитлар бўйича Тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг молиявий кўмагида 1 952 тадбиркорлик субъектига ажратилган 878 миллиард 4 миллион сўмлик кредитлар бўйича фоиз xаражатларини қоплашга компенсация, 128 тадбиркорлик субъектига ажратилган 127 миллиард 666 миллион сўмлик кредитлар бўйича кафиллик берилди.

Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини юмшатиш, бу даврда аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан ўтган даврда 7 735 та тадбиркорлик субъектининг 1 триллион 396 миллиард сўмлик кредит қарздорликларини тўлаш муддатлари жорий йилнинг 1 октябрига қадар узайтирилди.

Шунингдек, вилоятдаги тижорат банклари томонидан 151,9 мингдан ортиқ жисмоний шахсларнинг 444 миллиард сўмлик кредитлари бўйича кредит таътили берилди.

Жасур БАҲРИЕВ,

Марказий банк вилоят бош бошқармасининг тижорат банкларида давлат мақсадли дастурлари ижросини мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари.