Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Талабаларга хизмат кўрсатиш объектларида ишлаш имконияти яратилади

“Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил топганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Лекин ўтган уч йил давомида туризм университети таълим тизимида бир қанча янгиликлар яратилди.

Республика ОТМлари орасида илк бор “Ипак йўли” туризм халқаро университетида халқаро ҳамкорлик жараёнини тезлаштириш ҳамда талабаларга эътиборни янада кучайтириш мақсадида 2021 йил январь ойидан бошлаб “part-time on-campus job”, яъни кампусда талабаларга хизмат кўрсатадиган объектларда ишлаш имкони яратилади.

Шуни тан олиш керакки, талабаларнинг қўшимча пул топиш йўлларини излаши айни ҳақиқат. Чунки баъзи талабаларнинг ота-оналарида фарзандини қўллаб-қувватлаш имконига эга эмас. Шунинг учун айрим талабалар ўзи меҳнат қилиб, пул топишга интилади.

Бироқ талабаларнинг иш топиш имкони чеклангани, иш тажрибасининг йўқлиги уларга бу борада панд бериши турган гап. Бошқа томондан, талабаларга иш учун ажратилиши мумкин бўлган вақт ҳам чегараланган. Меҳнат кодексига асослансак, талабалар ўқув жараёнидан ташқари, ҳафтасига 20 соатдан зиёд бўлмаган вақт ичида ишлаш имконига эга. Лекин ҳозирги замонда шу чекланган вақтдан ҳам катта фойда олиш имконияти мавжуд.

“Ипак йўли” туризм халқаро университетида яқин орада жорий этиладиган “part-time on-campus job” хизмати талабаларга қуйидаги имкониятларни яратади:

1. Ойлик маош олиш имконияти;

2. Тажриба орттириш;

3. Вақтдан унумли фойдаланиш ва ҳоказо.

Пандемия шароитида ривожланган давлатлардаги университетларда жорий этилган тажрибани амалга оширишнинг мақсади битта - талабаларга ғамхўрлик қилиш ва талабалик даврида керакли муҳим тажрибани қўлга киритиш.

Шохида МУСТАЕВА.