Ногиронлик пенсиялари мурожаат талаб этмасдан тайинланади

Президентимиз 2025 йил 27 май куни “Ногиронлик пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашда проактив хизматларни жорий этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Қарорга кўра, 2025 йил 1 июлдан фуқароларга давлат пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашнинг қуйидаги соддалаштирилган тартиби жорий этилади.
- Фуқароларга I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланганда пенсияларни алоҳида мурожаат талаб этмасдан “проактив” (жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларисиз ваколатли органлар ташаббуси билан кўрсатиладиган давлат хизматлари) шаклда тайинлаш. Бунда фуқарога “проактив” шаклда тайинланган пенсияларни рад қилиш ҳуқуқи берилади.
- Кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахсларга компенсацияларни электрон маълумотлар алмашинуви асосида проактив шаклда тайинлаш.
- Ногиронлик пенсияси тайинлангандан сўнг камида 1 йил иш стажига эга бўлганда фуқаронинг пенсия миқдорини ҳар 2 йилда “проактив” шаклда қайта ҳисоблаш.
2025 йил 1 октябрдан давлат пенсия таъминотига оид ҳамда АТ “Халқ банки” томонидан пенсияларни нақд пул шаклида тўлаш билан боғлиқ хизматлар фуқароларни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) ҳамда уларнинг имзосини электрон шаклда олиш орқали амалга оширилади.
Ҳусниддин САПАРОВ,
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари.