Қайси мамлакатларда одамлар тезроқ қарийди?

АҚШ, Испания ва Норвегия олимлари 195 та давлатдаги фуқароларнинг қариш тезлигини қиёсий ўрганишиб, 1990 йилдан 2017 йилгача бўлган маълумотларни таҳлил қилди.

Улар инсульт, ишемия, турли онкологик ва юрак-қон томир касалликлари, паркинсон ва альцгеймер, катаракта ва глаукома, ёшга боғлиқ эшитиш қобилиятини йўқотиш каби қарилик аломати сифатида келиб чиқадиган 92 та касалликлардан қайсилари ўрта ёшдаги одамларда пайдо бўлишини аниқладилар. Вашингтон университети (Сиэтл) соғлиқни сақлаш кўрсаткичлари ва баҳолаш институти, Испаниянинг Карлос III соғлиқни сақлаш тадқиқот институти биотиббиёт маркази ва Норвегия соғлиқни сақлаш институтининг Фертиллик ва саломатлик маркази (Осло) олимлари томонидан олиб борилган тадқиқот натижалари “The Lancet” илмий журналида чоп этилди.

Тадқиқот дунё бўйича ўртача “қарилик” 65 ёшни ташкил этишини, бироқ баъзи мамлакатлар аҳолиси қарилик касалликларидан анча олдин азият чека бошлашини кўрсатди.

Масалан, қариш рейтингида энг охирги, 195 ўринни эгаллаган Папуа-Янги Гвинеяда кексалик 45 ёшга тўғри келади. Афғонистонда қарилик (192 ўрин) 51, Вануатуда (193) 52 ёшда бошланади.

Тадқиқотга кўра, Беларусь ва Грузияда  қарилик касалликлари тахминан 60 ёшда, Россияда - 59 ёшда, Украинада - 57 ёшда ривожлана бошлайди. Арманистонда ўртача "қарилик ёши" 64, Эстонияда - 66, Кубада - деярли 67 ёшни ташкил қиладиган бўлса, бу кўрсаткич Эронда - 69, Мексика ва Словенияда - 70, Финландияда – 72 ёшга тенг. Швейцария, Франция, Япония, ва Сингапур аҳолисида барча қарилик касалликлари кечроқ  - 76 ёшда пайдо бўлади.

Шу билан бирга, тадқиқот муаллифларининг қайд этишича, сўнгги 27 йилда дунёда одамлар ёшга боғлиқ касалликлардан камроқ азият чекмоқда ва улар билан боғлиқ бўлган ўлим даражаси ҳам камайган.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.