Арча қуришига нима сабаб бўлади?
Ҳозирги кунда Самарқанд шаҳридаги йўл бўйлари, хиёбонлар, ташкилот идораларининг атрофлари ва дам олиш масканларидаги дарахтларнинг аксарият қисмини арча ташкил этади. Бироқ кейинги пайтларда арчаларда қуриб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Хўш, бунинг сабаби нимада?
Кузатишларга кўра, ҳозирги пайтда иқлим ўзгариши ва ҳароратнинг меъёрдан ортиқ даражада кўтарилиши туфайли “Арча унсимон” қурти касаллиги тез ривожланиш ҳоллари кўпаймоқда. “Арча унсимон” қурти зараркунанданинг личинка ва урғочилари арчанинг новдалари ва баргларини сўриб зарар етказади ва улар барча ер устки қисмлари билан озиқланади. Катталиги 2-3 миллиметр бўлган бу қурт сарғиш, қизғиш, кулранг тусда бўлиб, март-апрель ойларида пайдо бўлади. Уларнинг тухум қўйиши май-июнь ойларида кузатилиб, ўртача 280 тагача тухум қўяди.
“Арча унсимон” қуртини, аввало, ички карантин аҳамиятига молик зараркунанда сифатида рўйхатга олиб, қурт тарқалган жойлар ва ҳудудлар аниқланиши ҳамда бу жойлардан арча кўчатларини бошқа жойга кўчириш мумкин эмас. Зараркунанда билан жиддий шикастланиб қуриш ҳолатига келиб қолган дарахтларни кесиб, унсимон қурт кенг тарқалмаслиги учун уларни ўша жойнинг ўзида ёқиш шарт. Қолаверса, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш (фосфорли, азотли, микроэлементлар Мастер, Кропшелд, Вегрутлар билан озиқлантириш) лозим.
Кимёвий препаратлардан “Би-58”, “Багира”, ва “Атилла”дан фойдаланиш тавсия қилинади. Ушбу препаратларни зараркунандаларнинг пайдо бўлиши билан биринчи ишлов ўтказилади ва зараркунанда буткул йўқолгунча ҳар ўн беш кунда кимёвий ишлов олиб бориш керак.
Бундай зараркунанда билан жиддий шуғулланилмаса, ҳудудимиздаги игна баргли ва манзарали дарахтларга салбий таъсир кўрсатади.
Жалолиддин ЖУМАҚОВ, вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Самарқанд шаҳар бўлими инспектори.