118 кун юраксиз яшаган қиз
Тахминан 10 йил олдин Жанубий каролиналик (АҚШ) Жанна Симмонсда кам учрайдиган юрак касаллиги - кенгайган кардиомиопатия ташхиси қўйилди. Қизнинг юраги камералари (юракдаги тўртта ичи бўш мушак органлари) катталашиб кетган, шунинг учун қон нормал айлана олмасди. Ўша пайтда Жанна 14 ёшда эди.
Одатда бундай ташхис қўйилган беморларга юрак трансплантацияси амалиёти ўтказилади ва Симмонс бундан мустасно бўлмади. Бироқ, тана кўчириб ўтказилган янги юракни қабул қила олмади. Юрак илдиз отмади ва унда катта қон ивиши ҳосил бўлди. Шу сабабли, трансплантация қилинган орган икки кундан сўнг олиб ташланиши керак эди. Ўша пайт иккинчи операция учун мос юрак топилмади ва жарроҳлар вазиятдан чиқишнинг ғайриоддий йўлини ўйлаб топишди.
Шифокорлар Жаннага сунъий орган қўя олмас эдилар, чунки штат қонунларига кўра, уни вояга етмаган беморларга ўрнатиш тақиқланган. Шу сабабли, жарроҳлар Симмонс юраги чап қоринчаси фаолиятини таъминлаш учун мўлжалланган иккита насосга уланган махсус тўқималардан ясалган вақтинчалик юрак ясашди. Ушбу қурилмага уланган ҳолда Жанна донорни 118 кун кутди.
Шу давр давомида Симмонс ўткир буйрак ва жигар етишмовчилиги ва ошқозондан қон кетишини бошидан ўтказди, лекин тирик қолди. Бир неча ойдан кейин Жаннага мос келадиган орган келди ва қизда бу сафар муваффақиятли бўлган иккинчи жарроҳлик операцияси ўтказилди. Трансплантациядан 20 кун ўтгач, Симмонс касалхонадан чиқди.
Шифокорлар 30 ёшга тўлгунга қадар қиз яна жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлиб қолишидан хавотирда. Симмонснинг ўзи, бу тўрт ой давомида доимо қўрқув остида яшаганини ва ўзини ҳақиқий одамдек ҳис қилмаганини айтади.
“Мен қурилма тўсатдан синиб, тўхтаб қолиши мумкинлигидан қўрқардим. Бундан ташқари, у вақти-вақти баланд овоз чиқариб, бошқаларни ҳам қўрқитарди.”
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.