2001 – 2003 ЙИЛЛАР — САМАРҚАНД МЎЪЖИЗАСИ

Мамлакатимизда Президентимиз томонидан жонажон Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб борилаётган миқёси ниҳоятда кенг ва пухта ўйланган ислоҳотларни кузатиб, бундан 16-17 йил аввал Самарқандда амалга оширилган ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари кўз ўнгимдан ўтади.

Бугунги халқпарвар сиёсат, яратувчанлик ишлари, раҳбарларнинг халқ билан очиқ мулоқотнинг илк кўринишлари вилоятимизда ўша пайтларда намоён бўла бошлагани эсга тушади. 2001 йил сентябрь ойида Самарқанд вилоятига олдин Жиззах вилоятини бошқарган Шавкат Мирзиёев ҳоким бўлиб келди. Самарқанд қадимий тарих ва маданиятга, юртимиз иқтисодиёти, маданий-маърифий ҳаётида алоҳида ўринга эга маскан. Бу ернинг тошу тарозиси ҳам бошқа жойларга нисбатан оғирроқ.

Ана шундай улуғ жойга ғайрат-шижоати жўшиб турган ёш раҳбарнинг қўйилиши, аввало, унга билдирилган жуда катта ишонч эди. Шавкат Миромонович эса бу ишончни қисқа вақт ичидаги ўзининг шиддатли меҳнати, халққа меҳр-муҳаббати, одамлар қалбига йўл топиб, уларни ўз ортидан эргаштира олгани билан оқлади.

Самарқандга ҳоким бўлгач, у киши навбати билан ҳар бир туман, шаҳарга бориб, у ердаги шарт-шароитни ўрганди. Раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитиш билан кифояланмай, оддий одамлар орасига киришга, уларнинг дарду ташвишларини эшитишга ҳаракат қилди. Вилоят ҳокими қайси туманга борса, аввало, қишлоқларни, олис ҳудудларни айланиб, аҳоли турмуш тарзи билан танишарди, мактаб ва тиббиёт муассасасини бориб кўрарди. Бу жойларга бориши аввалдан режалаштирилмас, маҳаллий раҳбарлар огоҳлантирилмасди. Йўналишни Шавкат Миромоновичнинг ўзлари танларди. Табиийки раҳбар келишига ҳеч қандай тайёргарлик кўрилмаган жойларда мавжуд ҳолат рўй-рост намоён бўларди.

Шундан кейин туман фаоллари билан учрашувлар ўтказиларди. Бу учрашувлар ҳам туман маркази ёки ҳокимликларда эмас, муаммолари кўп олис қишлоқларда, дала шийпонларида ташкил этиларди (худди ҳозир давлатимиз раҳбари вилоятларга ташрифи давомида энг олис туманларни танлагани каби). Ҳар бир масала вилоятдаги бошқарма ва идоралар раҳбарлари, мутасаддилар иштирокида жойида муҳокама этилиб, муаммога ўша ернинг ўзида ечим топиларди.

Вилоят ҳокими ҳеч бир жойга шунчаки бориб келмасди. Бирор бир ҳудудга боргани, одамлар билан учрашганидан сўнг, албатта, аҳоли ҳаётида нимадир ўзгариш бўлар, йўлми, кўприкми, мактаб ёки спорт иншоотими қурилиши бошланарди. Берган кимга ёқмайди, вилоят раҳбари одамлар билан юзма-юз мулоқот қилиб, қандай муаммонгиз бор, деб турса ҳамма ҳам ўз дардини айтади-да. Тағин ўша пайтда ҳокимлар ихтиёрида ҳозиргидек миллиард-миллиард пул йўқ, маҳаллий бюджетга бериладиган ҳар бир сўм ҳисобли эди. Мактаб ёки шифохона, йўл ва бошқа коммуникация тармоқлари қуриш, таъмирлаш учун йил дастурларига таклифлар берилар, бу ишлар кейинги йилларда амалга ошарди. Ана шундай шароитда Шавкат Мирзиёев вилоятнинг ички имкониятларидан келиб чиқиб, маблағ топишга ҳаракат қилар, одамларнинг, қуйи тизим раҳбарларининг муаммоларини эшитиб, уларга ваъда бердими, бу ишларни албатта бажарарди. Республикамизда илк бор Самарқандда қурилган, сўнгра мамлакат бўйлаб оммалашиб кетган ёшлар маркази ҳам вилоят ҳокимининг ўз ташаббуси билан, мамлакат бюджетидан маблағ ажратилмаган ҳолда бунёд этилган эди.

Бугун ҳам вилоятимизнинг ҳар бир шаҳар ва қишлоғига борсангиз, одамлар “Президентимиз Самарқандга ҳоким бўлганларида қурилган”, деб кўрсатадиган бино ва иншоотлар жуда кўп. Ёки у кишининг ташаббуси билан ҳал этилган муаммо ва масалаларни санаб, миннатдорликларини айтишади.

Айниқса, Ургут туманининг Камангарон ва Вағашти қишлоқлари аҳолиси муҳтарам Шавкат Миромоновичнинг оқилона қарори билан икки қўшни маҳалла ўртасидаги азалий зиддиятларга барҳам берилганини миннатдор бўлиб эслашади.

Ургутнинг тоғли ва дашт ҳудуди бўлган бу қишлоқлар учун сув энг катта муаммо ҳисобланади. Бир ариқдан сув ичадиган икки қишлоқ одамлари ўртасида бу масалада кўп жанжаллар келиб чиқиб, бу келишмовчиликларга маҳаллий раҳбарлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам ечим топа олмаган эди. Ечим деганимиз, катта иш қилиш эмас, одамлар орасига кириб, улар билан дилдан гаплашиш, икки томонни эшитиш ҳам қўлларидан келмаган. Шавкат Миромонович бундан хабар топгач, шахсан ўзи бориб, одамлар билан гаплашишга қарор қилди. Яхши эслайман, ҳокимнинг ёнидаги кишилар уни бормасликка ундаб, масаланинг ечими оғирлигини ҳам айтган. Аммо у киши бу гапларга эътибор қилмай, бир-бири билан ёвлашишга тайёр турган одамлар орасига борди.

“Бизнинг масаламизни Президент келиб кўрсин, бизга сув келтириб берсин”, деб турган одамларга қарата “Шу вилоятнинг ҳокими менман, сизнинг масалангизга ҳам мен масъулман, агар муаммога ечим тополмасак, кейин юқорига мурожаат қиламиз”, деб уларни тинчлантирди. Икки қишлоқ вакилларининг арзу додини эшитиб, ўз фикрларини баён этди. Ҳудуд аҳолисини сув билан таъминлаш учун Камангарон сув омбори қуриладиган бўлди. Шу билан икки қишлоқ аҳли ўртасидаги азалий келишмовчилик барҳам топди.

Ўша пайтларда ҳам фахрийларни ижтимоий ҳимоя қиладиган “Нуроний” жамғармаси бўлса-да, унинг фаолияти кўп сезилмасди. Жамғарма вилоят бўлими қайсидир бир ташкилот биносининг иккитагина хонасида турар, туман, шаҳар бўлимлари ҳам номигагина иш олиб борарди. Ана шундай пайтда Шавкат Миромонович ташаббуси билан “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармалари вилоят бўлимлари учун янги бино қуриб берилди. Бу фақат бизга шароит яратиш учун эмас, вилоят ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётида, ҳар бир жараёнда нуронийларнинг, оқсоқолларнинг ўз ўрни бўлиши кераклиги учун амалга оширилган иш эди. Чунки, вилоят ҳокими кўп масалаларда, айниқса, оилаларни мустаҳкамлаш, халқимиз ўртасида маънавий тарғибот ишларини кучайтириш, ёшлар таълим-тарбиясида оқсоқолларнинг фикрига таянарди, бу борада улар билан бамаслаҳат иш тутарди. Ўшанда вилоятимиздаги фаол нуронийлар, оқсоқоллар, зиёлилардан иборат бир нечта жамоатчилик гуруҳлари, маслаҳат кенгашлари тузилишининг боиси ҳам шунда эди. Бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини берганига гувоҳмиз.

Шунинг учун ҳам бугун Президентимизнинг мамлакат миқёсида нуронийларга кўрсатаётган эътибори, ёшларга ғамхўрлиги, маҳалла, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотларининг жамиятдаги, ҳаётимиздаги ўрни ва ролини оширишга қаратилган ислоҳотларини қўллаб-қувватлаб, бу ишлар, албатта, ўз натижасини беришига ишонамиз. Ҳозир юртимиз бўйлаб кенг оммалашаётган ҳаётий беш муҳим ташаббус ҳам ана шу эзгу ишлар маҳсули деб биламиз.

Ҳасан НОРМУРОДОВ,

“Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси,

“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби.