Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2022 йилда Пахтачида 15 миллиард сўмлик 21 та чорвачилик лойиҳаси ишга тушди

Европада бир бош зотдор қорамолдан кунига 35-40 литргача сут олинади. Бизда эса маҳаллий зотдаги қорамолнинг учтаси шундай маҳсулдорлик қайд этади. Бу албатта чорванинг зоти ва озиқ-овқат рационига боғлиқ. Хўш, ўзимизда ҳам шундай натижага эришиш мумкинми?

Чорвачиликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар, хориждан келтирилаётган чорва моллари ҳисобига чорва наслини яхшилаш айнан шу мақсадга қаратилган.

Масалан, Пахтачи туманининг ҳудудий жойлашуви, табиий иқлим шароитидан келиб чиқиб пахта етиштириш, чорвачилик хўжаликлари ташкил этиш жуда қулай. Шу боис, ҳозир туманда 42 та қорамолчилик, 33 та қўйчилик, 38 та паррандачилик, 30 та балиқчилик ва 9 та асаларичилик йўналишидаги фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Ҳозирда мазкур фермер хўжаликларда 641 минг бошдан ортиқ чорва моллари парваришланмоқда. Чорвачиликда озуқа базасини мустаҳкамлаш учун 2 382  гектар, шундан  941 гектар сувли, 928 гектар лалми ер майдонлари ажратилган.

2022 йилда чорвачилик соҳасини янада такомиллаштириш учун умумий қаймати 15 миллиард 800 миллион сўмлик 21 та лойиҳа ишга туширилиб, 100 га яқин янги иш ўрни яратилди. Шундан 5 та қорамолчилик, 6 та паррандачилик, 2 та қўйчилик, 5 та  балиқчилик ва 3 та асаларичилик йўналишидаги янги лойиҳалар ишга туширилди. 15 минг тонна гўшт, 60 минг тонна сут, 34 миллион донадан ортиқ тухум маҳсулоти етиштирилди.

Чорвачиликда наслчилик ишини янада такомиллаштириш мақсадида 2023 йилда қорамолчилик, паррандачилик, балиқчилик йўналишларида қиймати 35 миллиард сўмликдан зиёд 4 та янги лойиҳа амалга оширилади. Ушбу лойиҳалар туманда интенсив чорвачиликни ривожлантиришга қаратилган.

Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, 2022 йилда инспекциянинг туман бўлими инспекторлари томонидан 121 та назорат тадбири ўтказилиб, 35 та ҳуқуқбузарлик қайд этилди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан туман ҳокимлигига 3 та тақдимнома киритилди, 68 та ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилди, 15 ҳолат юзасидан тегишли ташкилотларга огоҳлантириш хатлари берилди.

- Туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг “Санчиқул”, “Ҳайработ”, “Балоигумбаз” сунъий уруғлантириш масканларида ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, қонунга асосан тегишли жарима қўлланилди, - дейди инспекциянинг туман бўлими шуъба катта инспектори Хуршида Ражабова. - Чорвачилик йўналишидаги “Наслдор зотли моллар”, “Дилмурод чорва”, “Ўткир чорва инвест”, “Чоштепа Шукур чорва” фермер хўжаликлари раҳбарлари қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан огоҳлантирилди.

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати.