26 июнь - Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни

Ушбу сана БМТ Бош Ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрда қабул қилган резолюциясига биноан белгиланган.

БМТнинг жиноятчилик ва гиёҳванд моддалар устидан назорат бошқармаси маълумотига кўра, кейинги йилларда гиёҳвандликка ружу қўйганлар дунёда 300 миллион кишидан ошиб кетган.

Жаҳонда қайд қилинадиган ўлимларнинг 43 та сабабидан гиёҳвандлик оқибатида содир бўладиган ўлим 19-ўринда туради. Гиёҳвандликка қарши курашда илк бор бундан 100 йил муқаддам ҳамкорлик қилина бошланган. 1909 йилнинг февраль ойида 13 та давлат вакиллари Осиёда гиёҳванд моддалар етиштирилишига қарши кураш мақсадида Шанхайда тўпланган. Ўшанда Шанхай комиссияси ташкил этилган.

Маълумотларга кўра, 15 ёшдан 64 ёшгача бўлганлар орасида қайд этиладиган ўлимларнинг 1,3 фоизи гиёҳвандлик оқибатида юз берар экан. Бир йилда 211 мингта ўлим айнан гиёҳвандлик оқибатида келиб чиқади. Европада гиёҳвандлик оқибатида ҳалок бўлаётганларнинг ўртача ёши 35 ёшни ташкил қилади. Мутахассислар фикрича, гиёҳвандлик оқибатида 1,6 миллион киши ОИТСга мубтало бўлади. 7,2 миллион киши эса гепатит C вирусини юқтириб олади. 1,2 миллион киши  гепатит B вирусига чалинади.