68 йил давомида темир капсулада яшаётган одамнинг ҳаёти қандай кечяпти?

Бу воқеа ҳаётни қутқарувчи вакцина ихтиро қилинишидан уч йил олдин содир бўлган.

Саратдаги киши Пол Александер, олти ёшлигидан бошлаб у деярли кечаю кундуз темир камерада ётади. Камера унинг ҳаётини сақлайди, у унинг темир ўпкаси.

Александер ҳозир 74 ёшда ва дунёдаги бундай камерада яшайдиган икки кишидан биридир. Бугун унинг бу тузоққа қандай қилиб тушиб қолгани ҳақида гапирамиз.

Даҳшатли касалликнинг бошланиши

1952 йилда кичкина Пол бетоб бўлиб қолди: ҳарорати кўтарилиб, юзи оқариб кетди. Келган шифокор унга полиомелит ташхисини қўйди (Ўша йили касалликнинг энг кучли эпидемияси содир бўлганди. Фақатгина АҚШда 52 мингта ҳолат қайд этилган).

Полиомиелит вирусдан келиб чиқади, у танага кириб, иситма ва кучли мушак оғриғига сабаб бўлади. Кейин вирус асаб тизимига кириб, фалажликка олиб келади.

Бола камерада уйғонди

Ташхис қўйган шифокор “касалхонада касал болалар жуда кўп, Полнинг аҳволи унчалик ёмон эмас, инфекция орқа мияга етиб бормасдан, тезда йўқолиб кетиши эҳтимоли бор”, деб у ерга бормасликни маслаҳат берди. Бироқ шифокор хато қилган экан: эртаси куни кичкина Пол мушакларидаги оғриқдан додлаб йиғлади, у бўғилиб қолди. Бола шунчалик мадорсиз эдики, ҳатто гапира олмасди. Онаси уни касалхонага олиб борди.

Пол кенг хонада уйғонди, нимадир унинг ҳаракатларини тўхтатиб турарди, атрофида бошқа болаларнинг боши ва ҳамширалар бўларди. Болаларнинг барчаси полиомелит билан касалланган ва Пол сингари улар ҳам мустақил нафас ололмасди. Шу пайтдан бошлаб Пол ва унинг темир ўпкалари бирлашди.

Бу камера қандай ишлайди?

Ҳаво камерадан механик равишда сўриб чиқилади, ичкарида вакуум яратган босим натижасида одамнинг ўпкаси кенгаяди ва у нафас олади.

Ювиниш ёки ҳожатхонага бориш учун Пол нафасини ушлаб туришига тўғри келарди. Шу тарзда у 18 ой ўзининг айтишича (дўзахда) касалхонада ётди. Дастлаб у ҳатто бошқалар билан мулоқот қилмади, негаки жуда заиф эди.

Кейинчалик у юзини буриштириб мазах қилган болалар бирин-кетин кўз ўнгида вафот этар, уларнинг ўрнига янгилари олиб келинарди, лекин Пол улар билан гаплашмай қўйди. У яна бир дўстини йўқотишни ўйлаб, даҳшатга тушарди.

Яшаш истаги

Пол қисман тиклана олди ва ҳатто махсус “қурбақа нафаси” нафас олиш техникасини ўзлаштирди. Бу усул камерадан ташқарида бир ёки икки соат вақт ўтказишга имкон беради. Қолган пайтда унинг ҳаёти темир ўпкага боғланган бўлиб, ҳушига келган кунидан бошлаб 68 йил давомида камерадан узоқлашгани йўқ.

Шунга қарамай, Пол мактабни тугатиб, университетга ўқишга кирди ва ҳатто оила қуришга муваффақ бўлди. 30 ёшида адвокат касбига эга бўлди ва тез-тез суд мажлисларига борарди. Ҳакамлар ҳайъатининг кўзига қараб нутқ сўзлаши қулай бўлиши учун унинг темир ўпкалари учун махсус вертикал устун ясашди.

У зўр адвокат бўлиб етишди. Лекин фаол амалиётдан воз кечишга тўғри келди, яна соғлиғи панд берди.

***

Сўнгги бир неча йил ичида унинг аҳволи ёмонлашди, энди у умуман камерадан чиқа олмайди, бир қатор нафас йўллари касаллиги ва ёши уни ҳолдан тойдириб қўйди.

Бошидан кечирган барча даҳшатлар, одамларнинг ёмон муносабатлари ва барча қийинчиликларга қарамай, Александер тўлақонли ҳаёт кечиришга муваффақ бўлди ва ҳозир ҳам ҳаётдан умидини узгани йўқ.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.