Адлия: суд 2012 йилда сносга тушган уй учун 400 миллион сўм компенсация ундириш ҳақида қарор қабул қилди
Самарқанд шаҳрида яшовчи И.М.га тегишли уй давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиб, бузилишга тушган ва олиб қўйилган ер участкаси учун компенсация тўлаб берилмаган.
Вилоят адлия бошқармаси фуқаронинг мурожаатини ўрганиб чиқиб, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси киритди.
Аниқланишича, компенсациянинг бир қисми сифатида Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори билан фуқаро И.М.га “Р.Ҳамроев” жамоа хўжалиги ҳудудидан 600 кв. метр, ўғли Р.М.га Самарқанд архитектура-қурилиш институтига ёндош ерлардан 400 кв.метр ер майдони ажратилиши белгиланган бўса-да, ер участкалари ажратиб берилмаган, шунингдек мутаносиб шаклда ер участкасига бўлган ҳуқуқ нархи ҳам тўланмаган.
Суд мажлисида И.М. 2012 йилда бузилишга тушган уй-жойи ўрнига шаҳар ҳокимлиги бошқа уй-жой олиши учун 173 млн. сўм ажратиб берган пул маблағига уй олиб, кўчиб чиққанини таъкидлар экан, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2012 йил 13 октябрдаги тегишли қарори ижроси бўйича Самарқанд шаҳар маъмурий судига берган даъво аризаси ҳам қаноатлантирилганини маълум қилди. Бироқ суд томонидан ҳокимликнинг ҳаракатлари қонунга хилоф деб топилган бўлишига қарамай, қарор ижроси бу ҳолатда ҳам эътиборсиз қолдирилганини таъкидлади.
Судда иштирок этган ҳокимлик ишончли вакили Б.К. даъвони тан олмай, фуқарога товон тариқасида пул компенсация ва иккита ер участкаси ажратиб бериш белгилангани, аммо нима сабабдан ажратиб берилмасдан қолиб кетганидан хабари йўқлигини, бугунги кунда ҳокимликда ер участкаси ажратиб бериш ваколати йўқлигини маълум қилди. Хусусан, компенсация ажратиб бериш қарорда назарда тутилмагани, фақат ер майдони ажратиш белгиланганлигини инобатга олиб даъвони рад қилишни сўради.
Суд, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан фуқаро И.М. фойдасига ажратиб берилмаган ер участкаси учун 113 753 000 сўм ва Р.М. фойдасига ажратиб берилмаган ер участкаси учун 302 719 000 сўм миқдорида пул компенсация ундириш ҳақида қарор қабул қилди, дея хабар бермоқда адлия бошқармаси.