Аҳоли эски симёғочлардан азият чекмоқда электр тармоқлари корхонаси эса мурожаатга бепарво
Таҳририятимизга Жомбой тумани Ногаҳон маҳалласи, Довчар қишлоғида яшовчи фуқаролардан шикоят аризаси келди. Унда жумладан шундай дейилади:
- “200 хўжаликда мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган қишлоғимизга 1953-1964 йилларда электр симёғочлар ўрнатилган. Фойдаланиш муддати ўтиб кетган бўлса-да, симёғочлар ҳалигача янгисига алмаштирилмаган. Аксарият аҳоли мажбурликдан ўз уйига қўлбола симёғоч билан электр тармоғи тортган. Оқибатда, намгарчилик ва совуқ кунларда электр симлар бир-бирига тегиб, қисқа туташувлар юзага келмоқда. Бу эса хонадонлардаги электр жиҳозларини ишдан чиқармоқда. Энг ёмони, қўлбола симёғочлар чириб, тез-тез симлар узилиб, аҳоли ҳаётига хавф солмоқда.
“Ўзэнергоинспекция”нинг вилоят ҳудудий бўлимига қилган мурожаатимизда вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги қарори доирасида 2017 йил учун тасдиқланган дастурга қўшимча равишда қишлоғимизга ТП-9662га қўшимча КТПс-100/10 кВ ТП ўрнатиш ва 0,4 кВ электр узатиш тармоғи реконструкция қилиниши белгиланганини маълум қилди. Амалда КТПс-100/10 кВ русумли ТП ўрнатилган, қолган ишлар бажарилмай қолган. Ўрнатилган КТПс-100/10 кВ русумли ТП ни эксплуатация қилишга “Ўзэнергоинспекция”нинг вилоят ҳудудий бўлимидан хулоса олмасдан ва хизмат фармойиши чиқарилмасдан 10 кВ “Ғўбдин” фидерига улаб ишга туширилган.
Биз бу ҳақда Жомбой тумани электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Ш.Ҳатамовга, вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси раҳбари Ғ.Маматқуловга бир неча бор мурожаат қилдик. Аммо бирор натижа бўлмади”.
Масалага ойдинлик киритиш учун Жомбой тумани электр тармоқлари корхонаси бош муҳандиси Қ.Эргашев билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритишни сўрадик. Ариза нусхасини 2020 йил 24 декабрда телеграм орқали юбордик. Аммо орадан 20 кундан ортиқ вақт ўтди ҳамки, мурожаатимизга жавоб йўқ.
Жомбой тумани электр тармоқлари корхонаси масъуллари фуқароларнинг қийналаётганига шу қадар бепарвоми ёки мурожаатларнинг барчаси шу зайлда эътиборсиз қолдириладими?
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.