Аҳолиси камайиб бораётган давлатлар
Visual Capitalist халқаро дастур муаллифлари аҳоли сонининг қисқариб бориши бўйича энг юқори динамика билан тавсифланган давлатлар рейтингини тузиб чиқди. Хулосалар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг демографик тадқиқотлари асосида тузилган.
Ўтган асрнинг бутун даври давомида энг кўп туғилиш Ҳиндистон ва Хитойда кузатилгани ҳеч кимни ажаблантирмаса керак. Худди шундай ўсиш суръати Африкада ҳам кузатилган. Бир африкалик аёл ўз умри давомида камида 6 та фарзандни дунёга келтиради. Европа мамлакатлари эса аксинча, ўзининг энг паст туғилиш даражаси – оғир демографик вазияти билан ажралиб туради. Айнан шу сабабли Шарқий Европа минтақасида аҳоли сони тез суръатда камайиб бормоқда.
“Қисқариб бораётган” давлатлар
Олдинги йилларга нисбатан Италия, Куба, Шимолий Македония ва Португалияда аҳоли сони 11 фоизга қисқарди. Кейинги ўринда 11 дан 17 фоизгача бўлган камайиш кўрсаткичлари бўлган давлатлар туради. Бу динамика Грузия, Польша, Венгрия, Эстония, Греция, Руминия, Албания, Япония ва Молдовада кузатилмоқда.
Бу қаторда аҳоли камайиши бўйича рекорд ўрнатган давлатлар тескари тартибда жойлаштирган:
- Босния ва Герцеговина – 18,2%;
- Сербия– 18,9%;
- Украина – 19,5%;
- Латвия – 21,6%;
- Литва – 22,1%;
- Болгария– 22,5%.
Шарқий Европа минтақасидаги демографик инқироз сабаблари
Аҳоли табиий камайишининг юқори кўрсаткичлари билан ажралиб турадиган мамлакатлар рейтингида Шарқий Европа минтақаси мамлакатлари етакчилик қилади. Демографик инқирознинг асосий сабаблари қуйидагилардир:
- Халқаро Петерсон институти (PIIE) томонидан ҳалокатли даражада паст туғилиш кўрсаткичлари 80 йилларнинг охирида бошланганлиги қайд этилди. 1988 йилги тадқиқотлар натижаси ўртача бир аёлга тўғри келадиган болалар сони тахминан 2,1 ни ташкил этган бўлса, 10 йилдан сўнг ўтказилган бошқа тадқиқот бу кўрсаткич 1,2 болага тушганини кўрсатди;
- Европа Иттифоқига янги давлатларнинг қўшилиши йирик эмиграцион тўлқинларни келтириб чиқарди ва Шарқий Европа мамлакатлари аҳолиси тахминан 6 миллион кишига камайди;
- Ушбу минтақа аёллари туғишни исташмаяпти, чунки улар ўз фарзандларининг бўлажак хавфсиз, тинч ҳаёти, фаровон келажаги ва истиқболлари мавжудлигига амин эмас. Аҳоли сонининг камайиши кўплаб ижтимоий дастур ва муассасаларнинг (боғча, мактабларнинг ёпилиши) бекор қилинишига олиб келади.
Бошқа жойларда-чи?
Мамлакат ҳукумати демографик вазиятни юмшатиш учун бир неча ижтимоий лойиҳа ва дастурларни жорий қилиб келаётган бўлса-да, Японияда бу чоралар муаммони тубдан ўзгартира олмаяпти ва 1970 йиллардан бери бола туғиш даражаси доимий равишда пасайиб келмоқда.
Кубада ҳар бир аёлга фарзанд туғишнинг ўртача даражаси 1,7 болани ташкил этади. Бу Лотин Америкадаги энг паст кўрсаткичлардан биридир.
Болтиқбўйи мамлакатлари ҳақиқий демографик инқирозни бошдан кечирмоқда. 1991 йилда Литва ва Латвия аҳолиси 700 мингдан 900 минг кишига камайган. Умумий демографик йўқотиш 23 фоиз, яъни 1,85 миллион кишини ташкил этди.
Ғарбий Европа минтақаси йиллик аҳоли ўсиши индексининг яхши кўрсаткичларига эга. Франция, Германия, Буюк Британия аҳолиси йил сайин ортиб бормоқда. Бироқ бу ўсиш европаликларнинг туб аҳолиси билан эмас, балки учинчи дунё мамлакатлари, Шарқий Европадан келаётган миграция оқимлари ҳиссасига тўғри келади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.