Алишер Навоийнинг терма девони Эронда сақланяпти
Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташаббуси ва ҳомийлигида бир гуруҳ ўзбекистонлик навоийшунос олимлар учун Эрон Ислом Республикасига илмий экспедиция ташкил қилинди. Иштирокчилар сафар давомида Машҳад, Тус, Гургон (қадимги Астробод) ва Гунбади Ковус шаҳарларида бўлишди.
Экспедиция таркибида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетидан профессор Д.Юсупова, доцент К.Муллахўжаева, Самарқанд халқаро технология университетидан камина ҳамда тадқиқотчилар Ф.Мамаражабов ва Д.Жалилова иштирок этиб, темурийлар даври маданияти, илми ва адабиёти билан боғлиқ манбаларни ўрганди ҳамда туркий тилдаги қўлёзмалар билан танишди.
Машҳад — маънавият ва илм маскани
Дастлаб олимлар Машҳад шаҳридаги Остони Қудси Разавий “Кутубхоналар, музейлар ва ҳужжатлар маркази”да бўлди. Бу ерда ўзбек ва эронлик олимлар иштирокида давра суҳбати ўтказилиб, Алишер Навоийнинг Хуросон маданий ҳаётидаги ўрни, темурийлар даврида Машҳаднинг ободончилиги ва унинг тараққиёти муҳокама этилди.
Марказ директори, доктор Сайид Жалол Ҳусайнийнинг таъкидлашича, темурийлар ҳукмронлиги йилларида Машҳад шаҳрида катта ишлар амалга оширилган.

— Қурғоқчилик авж олган бир пайтда Султон Ҳусайн Бойқаро ва унинг яқин дўсти, вазири Алишер Навоий шаҳарга сув тортиб келтирганлар, айвон қурдирганлар, — деди у. — Бу айвон ҳозиргача “Айвони Навоий” номи билан машҳур. Ҳатто Навоий тортган сув чашмаси ҳануз Имом Ризо ҳарами марказида одамларга хизмат қилмоқда.
Марказ кутубхонасида икки миллионга яқин китоб сақланади, шулардан юз минг нусхаси қўлёзмалардир. Энг қадимий нусха — минг йиллик тарихга эга Қуръони Карим бўлиб, унинг факсимиле нусхаси ўзбек олимларига кўрсатилди.
Ўзбекистонлик олимлар кутубхона хазинасида туркий тилдаги 400 дан ортиқ қўлёзма мавжудлигини аниқладилар. Улар орасида икки туркий Қуръон таржимаси ва тафсири, дуолар тўплами ва мумтоз адабиёт асарлари бор. Танлаб ўрганилган қўлёзмалардан бири Алишер Навоийнинг терма девони эканлиги маълум бўлди. Девон Навоийнинг “Хазойин ул-маъоний” тўпламидаги машҳур: “Ашрақат мин акси шамсил каъси анворул худо, Ёр аксин майда кўр деб жомдин чиқди садо”, деб бошланувчи ғазали билан очилади. Девоннинг айрим саҳифалари йўқолган бўлса-да, XIX асрда китобат қилинган қимматли адабий манба сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Тус — Фирдавсий ва Ғаззолий изларида
Машҳаддан кейин олимлар Тус шаҳрига йўл олди. Фирдавсий мақбараси ҳамда буюк мутафаккир, “Мукошафат ул-қулуб” асари муаллифи Абу Ҳомид Ғаззолий қабри ҳам зиёрат қилинди. Қабр атрофида ҳали илмий жиҳатдан ўрганилиши лозим бўлган бир неча янги топилган қабрлар мавжудлиги маълум бўлди. Шунингдек, олимлар Носируддин Тусий қурдирган “Родкон” минорасига бордилар. XIII асрда барпо этилган бу минора астрономия тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, кейинчалик Мароға расадхонасига илмий замин бўлган.

Гургон — Навоий ҳокимлик қилган диёр
Экспедиция иштирокчилари Гургон (қадимги Астробод) шаҳридаги қатор тарихий обидаларни ўрганди. Олимлар дастлаб Гунбади Ковус шаҳрида “Қобуснома” асари муаллифи Кайковус мақбарасини зиёрат қилдилар. Кейин Оқ-тақа қишлоғида Махтумқули Фироғий қабрида бўлиб, шоир хонадони ва боғи ҳануз маҳаллий аҳоли эътиборида эканлигига гувоҳ бўлишди.
Астробод шаҳрида салжуқийлар ҳукмронлиги даврида қурилган ва кейинчалик Мирзо Улуғбекнинг онаси Гавҳаршодбегим томонидан таъмирланган жоме масжиди олимларда катта таассурот қолдирди. Масжид ҳовлиси кенг саҳнли, тўрт пештоқли бўлиб, қибла тарафидаги пештоққа ҳокимлар тайинланишига оид ёзув лавҳалари ўрнатилган. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, айни шу лавҳалар орасида Алишер Навоийнинг Астробод ҳокими сифатида тайинланиш фармони ҳам бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Масжид ҳозир фаолият кўрсатмоқда. Ривоятларга кўра, масжид таъмирланиш жараёнида унинг ҳовлиси остида Гавҳаршодбегим вақф этган олтин тангалар топилган ва улар таъмир ишларига сарф этилган.

Бастом — Боязид авлиёнинг муқаддас қадамжоси
Экспедиция аъзолари Астрободдан кейин кўҳна Бастом шаҳрига йўл олишди. Бу ерда Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” асарида зикр этилган улуғ авлиё Боязид Бастомий мажмуаси зиёрат қилинди. Мажмуа салжуқийлар даврида барпо этилган бўлиб, куфий хат билан безатилган меҳроби, “Қимирловчи минора”си билан ажралиб туради.
Боязид Бастомийнинг васиятига кўра, қабри устига мақбара қурилмаган, аксинча у ерга ёмғир, қор ва қуёш нури тушиб турган. Мажмуа ёнида темурий султон Шоҳрухмирзо томонидан қурилган Шоҳрухия мадрасаси жойлашган бўлиб, бу иншоот темурийлар меъморчилиги ва илмга бўлган эътиборининг ёрқин намунасидир. Мадраса икки қаватли, 28 ҳужрадан иборат. Унда масжид, айвон ва “зўрхона” мавжуд бўлиб, жисмоний ва маънавий тарбия бирлашган ҳолда ташкил этилган.
Сангбаст — Навоий қурдирган карвонсарой
Экспедиция давомида Машҳаддаги Остони Қудси Разавий кутубхонасида 120 дан ортиқ олимлар иштирокида илмий семинар ўтказилди. Унда Алишер Навоийнинг темурийлар даври маданиятига қўшган улкан ҳиссаси, унинг маънавий мероси ва инсонпарвар ғоялари муҳокама қилинди. Шундан сўнг экспедиция Сангбаст мажмуасига йўл олди. Бу ерда Амир Арслон Жозиб мақбараси, Аёз минораси ва Сангбаст карвонсаройи жойлашган. Тарихий манбаларга кўра, Амир Алишер Навоий вайронага айланган Арслон Жозиб работи яқинида янги карвонсарой қурдирган. Бу карвонсарой Ипак йўлининг муҳим бўғини бўлиб, Бағдод, Нишопур, Сарахс, Марв, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларини боғлаб турган. Карвонсарой марказий ҳовли, ҳужралар, отхона ва хизмат хоналаридан иборат бўлиб, деворлари мудофаа мақсадида миноралар билан боғланган.
Мазкур карвонсаройнинг аҳамияти шундаки, у Шарқий Эроннинг муҳим савдо йўлларида жойлашиб, карвонлар учун муҳофазали тўхташ маскани вазифасини бажарган. Вақт ўтиши билан бу ерда зиндон барпо этилган ва Эрон-Ироқ уруши даврида карвонсарой биноси ҳам асирларни сақлаш учун зиндонга қўшиб олинган. Ҳозирги пайтда таъмирланиб зиёратчилар учун очилган.
Айтиш жоизки, экспедиция натижасида туркий тилдаги 400 дан ортиқ қўлёзма аниқланди, улардан бири Алишер Навоийнинг терма девони экани илмий жиҳатдан тасдиқланди. Шунингдек, темурийлар даври илм-фани, санъати ва меъморчилигига оид қатор янги маълумотлар тўпланди. Ўзбек олимлари бу кашфиётларни илмий истеъмолга киритиш, Навоий даври маданий меросини янада чуқур ўрганишни мақсад қилган.
Умидулло Маҳмудов,
Самарқанд халқаро технология университети қошидаги Ўзбек тили ва маданияти маркази раҳбари.