Америкалик олимлар қаришни тезлаштирадиган ва саратонга олиб келадиган озиқ-овқат ҳақида маълум қилишди

Қайта ишланган озиқ-овқатлар организмнинг қаришини тезлаштириши ва йўғон ичак саратонини келтириб чиқариши мумкин, деб хабар берди Pronews.gr Маями университети олимлари тадқиқотига таяниб.

Энг катта хавф колбаса ва дудланган гўштларни истеъмол қилиш билан боғлиқ экани қайд этилган.

Шу билан бирга, йўғон ичак саратони эрта ривожланиш хавфини оширадиган баъзи омиллар биологик қаришни ҳам тезлаштиради. Масалан бунга нотўғри овқатланиш, жумладан, қайта ишланган озиқ-овқатларга бой парҳезлар, семириб кетиш, чекиш, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ва бошқа одатлар киради.

Нашрнинг қайд этишича, касалликнинг ривожланиш омилларидан бири стресс ва атроф-муҳитнинг ифлосланишидир. Манбанинг қўшимча қилишича, сўнгги пайтларда 50 ёшгача бўлган одамларда йўғон ичак саратони билан касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Нашрнинг хабар беришича, сўнгги ўттиз йил ичида ёшлар орасида касалланиш сони қарийб 50 фоизга ошган.