Анжуман иштирокчилари Беҳбудий уй-музейида
Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган республика илмий-амалий конференцияси иштирокчилари – Тошкент, Қашқадарё, Навоий ва Жиззах вилоятидан келган ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейида бўлишди.

Музейда Маҳмудхўжа Беҳбудий ижоди ва ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар, ўша давр маданияти, маърифати, илм-фан ривожига ҳисса қўшган бир қанча маърифатпарвар олимларнинг фотосуратлари, илмий асарлари, турли экспонатлар жой олган. Шунингдек, ХХ аср бошларига тегишли ноширлик дастгоҳи, газета ва журналлар нусхалари, илмий архив ҳужжатлари ва нодир ашёлар бор.

– Маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг уй-музейини томоша қилиб, бу маскандаги газета ва журналлар, суратларни кўриб, катта таассурот олдик, – дейди Қашқадарё вилояти Касби туманининг “Садоқат” газетаси мухбири Зиёдулла Халилов. – Беҳбудий ҳаёти ва ижоди ҳақида ўқиганмиз. Лекин бу ерга келиб билдимки, бунинг ўзи етарли эмас экан. Менингча, журналистлар бу каби уй-музейларни ўз кўзи билан кўриши, жадид боболаримиз ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўлиши шарт. Мен музей ҳақида "Садоқат" газетасида туркум мақола ёзаман ва, ўйлайманки, касбиликлар мақолани ўқиб, албатта ушбу музейга бир марта бўлса-да келишни дилига тугиб қўяди.