АҚШ ва Туркия ўртасида яна бир можаро: Анқара АҚШга ўзгалар ишига тумшуғини тиқмасликни маслаҳат бераяпти

АҚШ давлат департаментида Туркиянинг Кипр қирғоқлари яқинида, денгизда бурғулаш ишларини олиб бораётгани қораланди ва Туркиядан ўз ишларини дарҳол тўхтатиш талаб қилинди. Бу ҳақда mk.ru хабар бераяпти.

Давлат департаментининг хулосасига кўра, Туркиянинг бу хатти-ҳаракати халқаро қонунчиликка зид ва у минтақада кескинликни юзага келтириши мумкин.

Маълум бўлишича, бу ҳудудда табий газ конлари аниқланган.

"Туркиянинг Кипр республикаси ўзининг иқтисодий зонаси деб эълон қилган ҳудудда бурғулаш ишларини олиб бориши АҚШни хавотирга солаяпти. Туркиянинг бу хатти-ҳаракатлари провокацион характерга эга ва у минтақада кескинликни юзага келтириши мумкин. Шуларни инобатга олиб Туркия бурғулаш ишларини дарҳол тўхтатиши ва мазкур ҳудудни бўшатиб қўйиши лозим", дейилади АҚШ давлат департаментининг баёнотида.

Аммо, Туркия бурғулаш ишларини тўхтатмоқчи эмас. Шунингдек, ҳудудни ҳам ташлаб чиқмоқчи эмас ва ўзини айнан шу ҳудудда бурғулаш ишларини олиб боришга ҳаққи бор, деб ҳисоблайди.

Сабаби....

Сабаби, бугунги кунда Кипр ороли иккига ажралган. Унинг асосан этник греклар яшайдиган жанубий қисми Кипр республикаси деб номланади ва халқаро ҳамжамият уни тан олган. Асосан этник турклар яшайдиган оролнинг шимолий қисмида дунё ҳамжамияти томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк республикаси бор ва уни фақатгина Туркия тан олган. Бу тан олинмаган республиканинг асосий алоқалари Туркия билан. Туркия газ конларини топиб бурғулаш ишларини олиб бораётган ҳудуд ҳам Шимолий Кипр Турк республикасига тегишли ҳудуд ҳисобланади. Фақат, буни дунё ҳамжамияти тан олмайди холос.

Ҳудудда Туркиянинг Фотиҳ бурғулаш кемаси ишлаяпти ва Туркия айнан Шимолий Кипр Турк республикасига тегишли денгиз ҳудудида иш олиб бораётганини айтиб, Вашингтонга "ўзгалар ишига тумшуғини тиқавермасликни" маслаҳат берган.