АҚШда Трамп ва Байден ўртасидаги дебатларнинг сўнгги босқичи бўлиб ўтди
Теннесси штатининг Нэшвилле шаҳрида АҚШ президентлиги учун ўтказиладиган сайловлардан олдин номзодлар Дональд Трамп ва Жо Байден ўртасидаги дебатларнинг сўнгги босқичи бўлиб ўтди. Сиёсатчилар юзма-юз учрашди ва бир ярим соатдан кўпроқ чиқиш қилди. Бу ҳақда 23 октябрь куни РИА Новости нашри хабар берди.
Иккала номзод ҳам 22 октябрь куни коронавирус тест таҳлилидан ўтди. Шу сабабли ташкилотчилар номзодлар ўртасида ўрнатилиши назарда тутилган пластик тўсиқларни олиб ташлашга қарор қилди. Шу билан бирга, бу сафар ташкилотчиларда Трамп ва Байден бир-бирларининг сўзини бўлмасликлари учун микрофонларни ўчириб қўйиш имконияти яратилди.
Кутилганидек, учрашувда коронавирус, миллий хавфсизлик, иммиграция, ирқчилик билан кураш олиб бориш ва Америка сайловларига аралашиш мавзулари муҳокама қилинди. Шунингдек, Байденнинг ўғли Хентернинг коррупцион можарога аралашиб қолгани ҳам эътиборсиз қолмади.
Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, баҳсни кузатган 53 фоиз сайловчи дебатларда Байден ғалаба қозонди, деб ҳисоблашган. 39 фоиз сайловчи дебатлар Трамп фойдасига ҳал бўлганини таъкилаган. 73 фоиз томошабин Байден томонидан Трампга нисбатан айтилган танқидлар “асосли ва ҳаққоний” бўлганини, шу билан бирга, 50 фоизга яқин томошабин Трамп томонидан Байденга нисбатан айтган танқидлари ҳам асосли эканлигини таъкидлаган.
Бироқ дебатларда қозонилган ғалаба сайловларда ғалаба қозонишга гаров бўла олмайди. Бундай ҳодиса 2016 йилда Хиллари Клинтон ва Дональд Трамп ўртасида бўлиб ўтган сайловолди баҳсларида кузатилган эди. Ўшанда ўтказилган сўров натижаларига кўра, дебатларнинг учта босқичида ҳам Хиллари Клинтон ғалаба қозонган. Аммо сайловларда Дональд Трампнинг қўли балан келган эди.