Байден Мексика чегара девори қурилишини тўхтатди

АҚШ президенти Жо Байден Мексика билан чегарадаги деворни молиялаштиришни тўхтатди. Бу ҳақда Оқ уй сайтида айтилган.

АҚШнинг янги маъмурияти "АҚШ солиқ тўловчилари маблағларини чегара девор қуришга сарфлашга йўл қўймайди" дейилади баёнотда. Президент ушбу лойиҳага ҳукумат қанча маблағ сарфлаганини диққат билан текширишни сўради.

Байден 2019 йилдан бери амалда бўлган чегарада фавқулодда вазият режимини бекор қилди. Унинг сўзларига кўра, бу қарор асоссиз бўлган.

Фавқулодда ҳолат 2019 йил февралида АҚШнинг 45-президенти Доналд Трамп томонидан жорий қилинган эди: бу билан у бошқа лойиҳалардаги маблағни қайта тақсимлади. 2019 йил ёзида Олий суд Пентагон маблағларидан девор қуриш учун 2,5 миллиард доллар ажратилишини маъқуллади. Трамп 2016 йилги сайловолди кампанияси даврида АҚШ ва Мексика чегарасида девор қуришга ваъда берди.