Беш йил маймунлар билан яшаган Марина Чапман қиссаси
Марина Чапман ҳаёт йўли Маугли-бола ҳаётидан кескин фарқ қилади. Одамлар орасига қайтганидан сўнг, у нафақат тезда мослаша олди, балки оддий одам каби яшашга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, у ўрмондаги саргузаштлари батафсил тасвирлаб берилган “Исмсиз қизалоқ” китобини ёзди.
Ғалати ўғирланиш
Марина Чапманнинг аниқ туғилган санаси ва келиб чиқиши номаълум. У тахминан 1950 йилда туғилган, эҳтимол унинг ота-онаси Колумбияда яшаган британиялик бўлган. У кенгтумшуқ Капуцин маймунлар тўдаси билан учрашишдан олдинги ҳаётини жуда кам эслайди. 5 ёшларда бўлганида, ҳовлида ўйнаб юрган қизча икки нафар номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган.
“Оғзимни рўмол билан ёпаётган қора қўлни кўрдим. Кейин мени икки киши олиб кетаётганини англадим”. Мато қандайдир дори билан намланган эди, Марина дарҳол ҳушидан кетди. Бола ўғрилари жуда ғалати ҳаракат қилди, улар қизчани ўрмонга олиб кетиб, у ерда уни ёлғиз қолдириб, ташлаб кетишди. Қизалоқ уйғонгач, йўлсиз, кенг тропик ўрмонни кўрди, у уйига йўл топишга ҳаракат қила бошлади ва яна адашди.
Марина анча вақт давомида ўрмонда юрди. Омади чопгани шу бўлдики, у ўз йўлида бирор бир йиртқич ҳайвон ёки заҳарли илонларни учратмади. Охир-оқибат қизча капуцин-маймунлар ўз инига айлантирган бутазорга кириб борди. Ёввойи ҳайвонлар тажовузкорлик кўрсатмади, лекин уни тўдага ҳам қабул қилмади. Марина уларнинг ёнида жойлашиб олиб, қутқарилишини кутишга қарор қилди.
Тўдадаги ҳаёт
Капуцинлар одамларга ўхшарди, энди у ҳеч бўлмаганда ёлғиз эмас... Бир куни қизча кўп тамаринд (ҳинд хурмоси) еб қўйиб, қаттиқ заҳарланди. У оғриқдан қийшайиб, ўлишига ишонч ҳосил қилиб ерга ётиб олганида, кекса маймун унга яқинлашди ва уни бор кучи билан ўзи ортидан эргашишга мажбур қилди. У Маринани тасаввур қилиб бўлмайдиган ифлос сув кўлмаги олдига олиб борди ва ундан ичиш кераклигига ишора қилди. Бола шундай қилди, шундан кейин жуда кучли қусиш бошланди. Тузалганидан сўнг, қизалоқ у маймунни “бобо” деб атай бошлади. Мўъжизавий даволанишдан сўнг, капуцинлар инсон боласига бўлган муносабатини ўзгартирди. Кўп ўтмай Марина ҳайвонларнинг кўплаб одатларини ўрганиб олди. Энди у дарахтларга чиқиш, овқат топа олиш ва улар чиқарадиган товушларни ажрата биларди. Масалан ҳуштак чалинса, бу қаердадир овқат борлигини англайди. Демак, барча битта маймун орқасидан эргашишга тайёрланади. Товуш чиқариш орқали улар бир-бирига меҳрибонлик қилар, хавфли вазият бўлган пайтларда бошқаларни огоҳлантирарди.
Одамлар орасига муваффақиятсиз қайтиш
Маринага маймунлар билан яшаш ёқарди, шу билан бирга у ўз уйига қайтишни ҳам хоҳларди. Баъзида ўрмонда у овчиларни кўриб қоларди, лекин тўда билан бирга улардан узоқлашарди. Бир куни у кетишга қарор қилди ва тўрт оёқлаб, овчилар олдига келди. Улар болага ёрдам беришди, лекин уни уйига эмас, балки Кукута шаҳридаги фоҳишахонага олиб кетишди. У ерда ўн ёшли қиз қулга айланди. Унга Глория исмини беришди ва у тозалаш, оғир ишларни қилиш ва ошхонада ишлашга мажбур қилинди. Қиз ҳаммасига чидади, лекин кун келиб ўзини бошқа ишларга мажбур қилинишидан қўрқарди. Шу сабабли у ердан қочиб кетди, кўчада унга Пони Мальта лақабини берган уйсиз болалар гуруҳини учратиб, улар билан бирга яшай бошлади.
Янги танишлари билан бирга у тунларни туйнук ва чиқиндихоналарда ўтказар, ўғирлик ҳам қиларди. Эпчил Марина тезда уйсизлар орасида обрў қозонди. Ҳатто, орқасидан таъқиб уюштирган полиция ходимлари дарахтлар тепасига учиб чиқиб кетган қизни тутолмай, ожиз эди.
Яхши ҳаётнинг бошланиши
14 ёшида уни кўп болали Мария исмли аёл асраб олди, шу билан қизнинг бахтсизликлари тугади. Янги она уни ўз фарзандлари билан бирга Буюк Британияга тўқимачилик иши бўйича ўқишга юборди. Англияда Марина бўлажак турмуш ўртоғи Жон Чапманни учратди. 6 ойдан сўнг улар турмуш қуришди. Марина ва Жон Чапман ҳозирда Йоркширда истиқомат қилади. Аёл кўп йиллар давомида Бредфорд шаҳридаги Миллий медиа музейида ошпаз бўлиб ишлайди. Жон ва Маринанинг икки қизи ва неваралари бор. Баъзида Марина невараларига ўрмонда ягуарлардан қочиб, дарахтларга чиқиб кетганлиги ҳақида сўзлаб беради. Одамлар дунёсига қайтганига 60 йил ўтган бўлса-да, аёл ҳайвонларнинг баъзи одатларини сақлаб қолган. Мисол учун, баъзида у тўрт оёқлаб ҳаракатланишни маъқул кўради. Чапманнинг таъкидлашича, у ҳали ҳам у ўзининг “ички ҳайвон”и билан курашиб келади.
Мария Чапманнинг “Исмсиз қизалоқ” китобида тасвирланган ҳаяжонли ҳаёт ҳаммага ҳам ёқмайди. Баъзилар бу аёлнинг ҳикояларининг тўғрилигига шубҳа билдиришди. Колумбиялик доктор Карлос Конде Марина билан шуғулланиб, қизиқарли хулосалар чиқарди. У Чапман ва капуцин маймунлари суратларидан фойдаланиб, аёлни ёлғон детекторида текширди. Натижада Конде Маринанинг ҳикояси бутунлай ҳақиқат, деган хулосани берди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.