Биргина иссиқхона билан камбағал бой бўладими?

Ўтган йили Паст Дарғом туманида 11 минг 535 та камбағал  оила рўйхати шакллантирилган. Уларнинг 11 минг 11 таси ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган. Маҳалла еттилиги томонидан хатлов ўтказилиши натижасида, бу оилаларнинг 1711 таси ўзига тўқ, 3762 таси ҳаёти яхшиланаётган, 3077 таси даромади барқарор бўлмаган, 2461 таси ҳақиқий ночор оила эканлиги аниқланди.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида “Камбағал оилалар учун етти имконият ва масъулият” тамойили асосида иш олиб борилиб, жами 2658 та оила, шундан имтиёзли кредит ажратиш орқали 682 та, субсидия асосида асбоб-ускуналар бериш орқали 263 та, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш орқали 211 та, доимий иш ўринларига жойлаштириш орқали 1075 та ва “Сайхунобод” ва “Уйчи” тажрибалари асосида 427 та оилага амалий ёрдамлар кўрсатилиши натижасида камбағалликдан чиқарилиши таъминланди.

Шунингдек, ўтган йилнинг сентябрь ойидан 541 та камбағал оилага 88 нафар раҳбар ва 18 тадбиркор, жами 106 нафар масъул бириктирилди. Улар маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда, оилаларнинг яшаш шароитларини ўрганиб чиқиб, камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режа тузилди. Айни пайтда уларга турли хил кўмаклар кўрсатиляпти. Жумладан, 89 нафар киши доимий ишга жойлаштирилди, 43 фуқарога тадбиркорлик билан шуғулланиши учун субсидия ва кредит маблағлари ажратилди.

- Масалан, Янгиобод маҳалласида яшовчи Замира Дўстмуродовага субсидия асосида 2 сотихлик иссиқхона қуриб берилди, - дейди туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Тоҳир Қосимов. – У айни пайтда кўкат етиштириб, бозорга чиқаряпти. Февраль ойида бодринг экишни режалаштирган. Камбағал оиланинг биргина иссиқхона билан шароити яхшиланиб қолмайди. Шунинг учун масъуллар ўзига бириктирилган ҳар бир оила аҳволидан 6 ой давомида хабардор бўлиб туради, кези келганда кўмаклашади. Агар шу муддат ичида камбағал оиланинг аҳволи яхшиланмаса, рўйхатдан чиқарилмайди.

- Ёлғиз онаман, икки нафар фарзандим бор, - дейди Замира Дўстмуродова. – Оилавий шароитим оғир эди. Маҳалладан бериладиган бир марталик моддий ёрдам ёки болаларимга олинадиган нафақа пуллари билан бирим икки бўлмаётганди. Ишлайин десам тайинли иш тополмайман. Ёрдам берадиган одам йўқ. Фарзандларимни онамга ташлаб, ўзим чет давлатга ишга кетсаммикан, деган хаёл билан юрган пайтимда маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси субсидия асосида иссиқхона қуриб берилишини айтди. Хурсанд бўлдим. Бу ишни эплай олишимга кўзим етарди. Таваккал қилиб иш бошладим. Аввало, иссиқхонага кўкат экдим. Ҳосилни кетма-кет бозорга чиқара бошладим. Даромади ёмонмас. Иссиқхонанинг бир чеккасига синов тариқасида қулупнай ҳам экканман. Ҳозир уни парваришлаш сирларини ўрганяпман. Менинг ҳаракатимни кўрган масъуллар ҳомийлар кўмаги билан болали сигир ҳам олиб беришди.

Шунингдек, туманда камбағал деб топилган оилалар фарзандларига ҳам алоҳида ёрдамлар кўрсатиляпти. Масалан, улар қизиқишига қараб, қўшимча тўгаракларга жалб этиляпти.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида туманда амалга оширилаётган ишлар 2025 йилда ҳам давом эттирилиб, 3181 та оила камбағалликдан чиқарилиши режалаштирилган.

Эъзоза МЕЙЛИЕВА,

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).