Бош суягидаги пичоқ билан тўрт йил
30 ёшли хитойлик Ли Фуянь қаттиқ бош оғриғи, оғиздаги ёмон ҳид ва нафас олиш қийинлашишидан шикоят қилиб шифокорларга мурожаат қилди. Касалликнинг сабаби беморнинг бош суягида 4 йил давомида турган 10 сантиметрлик пичоқ эканлигини аниқлаган шифокорлар ҳайратда қолишди.
Ли хотиржамгина тўрт йил олдин бир гуруҳ безорилар ўғирлик қилишга уриниш пайтида ҳужумга учраганлиги, эҳтимол, ўшанда 10 сантиметрлик пичоқ унинг бош суягига кирганбўлиши мумкинлигини айтган.
Пичоқ пастки жағ остидан кириб, мўъжизавий тарзда уйқу артериясига тегмасдан, қия ўтиб кетган экан. Шу вақт давомида бемор бошининг ичида пичоқ олиб юрганини билмаган. Охирги тўрт йил давомида Ли уни мунтазам равишда қийнаган даҳшатли бош оғриқларини енгиш учун ўзига оғриқ қолдирувчи воситаларни укол қилиб келган.
Эркак Хитой жанубидаги Юньнань провинцияси Юйси шаҳри халқ касалхонасида муваффақиятли операция қилинди. Шифохона веб-сайтида рентген тасвирлари эълон қилинганидан сўнг бу иш Хитой оммавий ахборот воситалари ва интернетда кенг ёритилди.
Олиб ташланган 10 сантиметрлик пичоқ кучли коррозияга учраган экан. Шифокорлар бу ҳодисани “ҳақиқий мўъжиза” деб аташди. “Пичоқнинг муҳим ҳаётий томирларга тегмасдан ўтгани, бегона жисмнинг инсон танасида узоқ вақт давомида қимирламай тургани ўта ҳайратланарли”, таъкидлайди улар.
Жарроҳлик операцияси ўтказилишидан олдин дастлабки текширув пайтида шифокорлар Лининг оғиз бўшлиғини синчковлик билан кўздан кечирган эди, бироқ унинг оғзида ҳеч қандай чандиқ, яралар ёки пичоқ излари кузатилмаган.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.