Бойлигинг эмасдир севгимга сабаб, бойлигим бўлганинг учун севаман!

                         ҲИЛОЛИМАН

Эгилган бори кулфатдин ситам чархин ҳилолиман,

Узилган боғу оламдин риёзу ғам ниҳолиман.

 

Баҳорида хазон урган, кўкармай мевасиз кетган,

Бу дунёдин қуруқ ўтган ажаб ошифта ҳолиман.

 

Хитойи лоладек яшнаб, юракда неча доғим бор,

Бало сайёдиға учраб, Хутан даштин ғизолиман.

 

Камина кўп аламлардан эзилсам ҳам жавоб айлай,

Юрак урган алам бирла, кўнгил куйин баёниман.

 

Ҳакимадур менинг отим, қани бир наслу зурёдим,

Сурурим шеъру абётим, ажаб ғамгин наволиман.

Ҳакима АБДУРАҲИМ қизи.

 

***

СЕВГИМГА САБАБ

“...Юртим, сени фақат бойликларинг-чун

 Севган фарзанд бўлса, кечирма асло!”

Абдулла Орипов

Устоз айтганидай: тенги йўқ юртсан,

Гулгун чиройингга тўймасман боқиб.

Зарра тупроғингни кўзимга суртсам,

Меҳринг кириб боргай юракка оқиб.

 

Муштипарим – онам ўзингга қиёс,

Кўксингга бош қўйсам, арийман ғамдан.

Меҳр улашасан бамисли қуёш,

Изтиробинг сезсам, қарийман ғамдан.

 

Туғилдим корингга ярамоқ учун,

Буюр, ишинг борми қаламга доир.

Кўнгил кўзи билан қарамоқ учун

Аслида сен мени қилгансан шоир.

 

Яшайман кўзимни кўнглингга қадаб,

Ростини айтайми, нечун севаман?!

Бойлигинг эмасдир севгимга сабаб,

Бойлигим бўлганинг учун севаман!

Ориф ТЎХТАШ.

                ***

Дил армони

Қуёш таратганда майин нурларин,

Баҳор ҳам борлиққа ёяр қулочин.

Заминнинг ҳуснига ҳавасда очун,

Само узра учар қийғир, сарлочин.

 

Қишнинг этагидан тўкилган баҳор,

Нафис япроқларда кўклам сурури.

Субҳидам соғинчи, дилда навбаҳор,

Элимнинг қалбида гуллар ғурури.

 

Тоғли қояларда сайр шукуҳи,

Само меҳрин қучиш – лочин армони.

Бу не кароматким, боболар руҳи

Тинчланди истиқлол келган замони.

Комилжон ЭЛМУРОДОВ,

Хатирчи тумани.

 

                ***

            ҚЎШИҚ

Оймомога ошиқ бўлиб,

Қучай десам, узоқ экан.

Ипакдайин кокилларин

Ўпай десам, тузоқ экан.

 

Висол қўмсаб чиқсам тунда,

Сув қўйнида қўноқ экан.

Атрофида сонсиз соқчи –

Тонга қадар уйғоқ экан.

 

Ер айланар, ёр айланар,

Ҳажрида дил зор айланар.

Тонг васлига етдим десам,

Кун чиқиб, боз фироқ экан...

 Бакир ЎТАПОВ.

         ***

Булоқ бўлгим келади гоҳо,

Меҳр каби туганмасдир у.

Одамларга нафи теккан-чун

Сув бағишлар она Ер мангу.

Бекназар ОРЗИҚУЛОВ.

              ***

Амир Темур бобом

(Неварамнинг шеъри)

Ёвуз режа пуч, деган,

Эрк байроғинг қуч, деган,

Марду майдон бобомлар

Адолатда куч деган.

 

Қилич кесмас қинини,

Мўмин сотмас динини.

Бобомлар дер ҳатто қуш

Қўриқлар ўз инини.

 

Сен инсонсан, қур, ярат,

Меҳнат билан донг тарат.

Одил бўлсанг, дер бобом,

Аллоҳ бергай куч-қудрат.

 

Адолатни ёқлаган,

Ёмонларга ёқмаган,

Темур бобом ҳар доим

Айтган сўзин оқлаган.

 

Юртимиз бўстонида,

Ватан шуҳрат-шонида,

Темур бобом барҳаёт

Адолат осмонида.

 

Эркка буюк ихлоси,

Бинолари мероси.

Адолат осмонининг

Темур бобом қуёши.

Солижон ХУДОЁРОВ,

Нуробод тумани, Тим қишлоғи.

                  ***

         Ҳалоллик билан суҳбат

– Ҳалоллик, не бўлди, кўзга ёш олдинг,

Нега давраларда кўринмай қолдинг?

 

– Виждон ойнасига боқмасдан бир бор,

Баъзилар ҳаромдан қилмаслар ҳазар.

 

– Ҳалоллик, не бўлди, айтгин, дўстгинам,

Текин нарсаларга кўпми интизор?

 

– Гарчи бой, ҳовлиси кўркаму шинам,

Тама майдонида юрганлар бисёр.

 

– Ҳалоллик, не бўлди, эзгулик қайда,

Яқиндан ўзгага борми эътибор?

 

– Мол-дунё йўлида туйғулар майда,

Жир олса, баъзилар бўлгайдир кибор.

 

– Ҳалоллик, айт менга, не қилсак керак?

Қачон бўлгай, айтгил, тартиб барқарор?

 

– Одамларга агар инсоф беролсак,

Ўшанда бу ҳаёт бўлгай бир дилдор.

 

***

Тамагир, аслида, пинҳон гадодир,

Қилмиши ниқобин йиртишга қодир.

Гадо гадолигин тан олур сўзсиз,

Аммо у тан олмай мулзам, адодир.

                                   ***

Бир сўз яхшини ҳам ёмон кўрсатар,

Бир сўз ёмонни ҳам омон кўрсатар.

Фикр қил: бир сўзда тақдир намоён,

Адашсанг, буғдойни сомон кўрсатар.

Тоҳир ҲАҚБЕРДИЕВ.