Бозорларда жой танқислиги боис “ёймачилар” фаолияти юзага келади
3 июль куни ижтимоий тармоқларда Паст Дарғом тумани Жума шаҳридаги буюм бозорида савдо фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар томонидан кўчада ёйма тарзда ноқонуний савдо қилаётганлар, халқ тилида “ёймачилар”, деб номланган олиб-сотарлар хусусида хабар тарқатилди.
Мазкур хабар юзасидан шуни маълум қиламизки, туманнинг Қатор терак ва Янгиобод маҳаллалари ҳудудида жойлашган “Паст Дарғом буюм савдо” МЧЖ ва “Буюм бозори” МЧЖ ҳамда “Паст Дарғом мева-сабзавот” МЧЖ деҳқон бозори йўл ёқасида жой етишмаслиги оқибатида якка тартибдаги тадбиркорлар савдо қилиш мақсадида бозорлар ҳудудидан ташқарига чиқиб кетишга мажбур бўлмоқда.
Шуни таъкидлаш лозимки, “Паст Дарғом буюм савдо” МЧЖда жами 395 нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолият юритади. Шунингдек, 102 нафар якка тартибдаги тадбиркор жой етишмаслиги боис йўл четига чиқиб фаолият юритмоқда. Аслида улар ҳам солиқларни ўз вақтида амалга ошириб келмоқда. Солиқ органлари ходимлари томонидан бозор ҳудудида қонуний фаолият юритишлари юзасидан доимий тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу ҳолат бозорда жой етишмовчилиги сабаб юзага келганлигини билдирамиз.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.