Бозорларда коррупция бўлмаслиги керак

Вилоят прокуратураси ташаббуси билан “Sam-bozor” (рақамли бозор) дастури амалиётга жорий қилиниб, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда рақамли “электрон алоқа” тизими йўлга қўйилди.
Хўш, нега бу янгиликка қўл урилди?
Вилоятда 47 та бозор, 12 та савдо комплекси мавжуд бўлиб, уларнинг асосий улушдори ҳокимлик бўлса-да, соҳа маҳаллий ҳокимлик, солиқ инспекциялари ва бошқа мутасаддилар эътиборидан четда қолган.
Бозор ва савдо комплексларида содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаб, уларни бартараф этиш имконияти йўқ. Мисол учун, “Паст Дарғом мева-сабзавот” масъулияти чекланган жамиятида 2024 йилнинг 9 ойида 11 та жиноят содир этилган.
Савдони амалга ошириш ва бир марталик йиғимларни йиғишда онлайн назорат касса-машиналари, тўлов терминали, банк пластик картаси қўлланилмасдан, нақд пулдан, сохталаштириш мумкин бўлган эскича - “патта”лардан фойдаланилмоқда.
Тадбиркорлар юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлгани ҳолда савдо фаолиятини амалга ошириши, ушбу жараёнда қонунийликка масъул солиқ инспекцияси ходимлари бўлса-да, мутасаддилар ўз вазифасини лозим даражада бажармаганлиги оқибатида расмий рўйхатдан ўтмасдан ёки гувоҳномасини тўхтатиб, тугатиб ишлаш одат тусига кирган.
Белгиланган жойлардагина савдо қилиш, бир марталик йиғимни тўлаш тартибини бузувчи шахсларга нисбатан жарималар қўллаш лозим бўлса-да, аксарият ҳудудларда бозорга кириш жойларида кўча савдоси авж олган.
Дўконларнинг аксариятида мулкдорлар эмас, улар билан оғзаки келишуви мавжуд бўлган тадбиркорлар фаолият олиб бормоқда. Оқибатда ижара шартномалари солиқ идораларидан рўйхатдан ўтмасдан, бюджетга тушиши мумкин бўлган қўшимча манбалар йўқотилмоқда.
Тадбиркорлардан тўловларни ойма-ой ундириш имкони бўлмаётганлиги, улар белгиланган меъёрдан ортиқ истеъмол учун оширилган миқдордаги тўловлар тўламаслиги бозор зарарига ишлаши билан бир вақтда коррупцияга йўл очмоқда. Энергия тежовчи ва қайта тикланувчи ускуналар ўрнатилмаганлиги оқибатида тушумларнинг катта қисми электр энергияси учун сарфланмоқда.
Умуман, вилоятдаги бозорларнинг 51 фоиз улуши маҳаллий ҳокимликларга тегишли бўлса-да, тушумлар ва харажатларни назорат қилиб, бу ҳақда ҳокимликларга ҳисобот топшириш механизми йўқ.
Назоратсизлик оқибатида санитария ҳолати, ҳудудни ободонлаштириш ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мутлақо риоя қилинмаяпти.
Муаммоларни бартараф қилиш мақсадида биринчи навбатда соҳага масъул идоралардан ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, қонун бузилиши ҳолатлари нисбатан кўп бўлган Паст Дарғом туманидаги бозорлар танлаб олинди.
Бозор ва унга туташ ҳудудлардаги 40 дан ортиқ ноқонуний қурилмалар буздирилиб, 8500 квадрат метр қисми бетонлаштирилди. 6 километр ички йўлларга асфальт қопламаси ётқизилиб, 2 та автотураргоҳ барпо қилинди.
2 та трансформатор ва 10 километр электр тармоғи таъмирланиб, 20 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди, мавжуд 152 та дўкон алоҳида абонент сифатида туман электр тармоқлари корхонаси билан шартнома тузди.
Маъмурият учун 53 кВт аккумуляторли қуёш панели ўрнатилиб, тўлиқ энергия мустақиллиги таъминланди. Натижада бозор март ойида ўз истеъмолидан ортган 1500 кВт электр энергиясини давлатга сотди.
Асосийси, Миллий гвардиянинг “ташвиш нуқталари” ўрнатилди ва бозор ҳудуди тўлиқ камера назоратига олиниб, ИИБга интеграция қилиниши натижасида 2024 йилнинг октябрь ойидан буён “жиноятдан ҳхоли ҳудуд”га айланди.
Бозор фаолиятни рақамлаштириш мақсадида “Real Soft” дастурлаш компанияси вакиллари билан ҳамкорликда “Sam - bozor” дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди.
Дастурга киришдаёқ ҳам овозли кўришда, ҳам ёзма кўринишда фойдаланувчилар бозорларда хизмат кўрсатиш ва савдо қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилиб, профилактика қилинади.
Мазкур дастур 12 та бўлимдан иборат. Маълумотларни кун, ой ва йил кўринишида кўриш, уларни юклаб олиш имконияти яратилган.
Бозорда юрист штати бўлмаганлиги сабабли дастурни кадастр идораси маълумотлари билан интеграция қилиш орқали дўкон эгалари билан онлайн шартнома расмийлаштирилиб, муддатида амалга оширилмаган тўловлар бўйича биринчи ойда мулкдорга автоматик огоҳлантириш хати берилиши, иккинчи ойда эса даъво аризаси шакллантирилиши таъминланди.
Бозор ҳудудига ўрнатилган 27 та камерага сунъий интеллект орқали ҳар бир савдо ўрнининг ўлчами киритилиб, тадбиркор қанча жойга маҳсулот қўйганлиги ва қанча жойга тўловни амалга оширганлигини кузатиш билан бир вақтнинг ўзида қандай турдаги маҳсулотни сотаётганлигини аниқлаш имконияти бор.
“Sam-bozor” дастурида рўйхатдан ўтган харидорларга олган маҳсулоти учун тўловларни электрон тарзда амалга ошириш, сотувчиларга эса бозор маъмуриятига “патта тўловлари”ни онлайн тўлаш имконияти яратилди. Бозор ҳудудидан жой олмоқчи бўлган сотувчиларнинг ЯТТ гувоҳномаси фаол ҳолатда эканлигига эътибор қаратилади.
Савол туғилиши табиий: хўш, нима эришилди?
Бозордаги қонуний фаолият юритаётган тадбиркорлар сони 150 нафарга кўпайиб, 670 нафарга етди.
Ижара тўловидан ҳосил бўлган 74 миллион сўм муддати ўтган қарздорлик бартараф қилинди.
Асосийси, 2024 йилнинг февраль ойида 181 миллион сўм тушумлар бўлгани ҳолда жорий йилнинг мос даврида бу рақам 283,3 миллион сўмга етди. Солиқ тўловлари ўртача ойлик кўрсаткичи 34,6 миллион сўмдан 70,8 миллион сўмга ошди.
Яқинда Паст Дарғом туманида бозорларда хизмат сифатини яхшилаш ва “коррупциядан холи соҳага айлантириш” юзасидан ўтказилган семинарда мутасаддиларга юқоридагилар ҳақида батафсил маълумот берилди. Қолган ҳудудлардаги бозорларни коррупциясиз соҳага айлантириш, ушбу иллатга муросасиз муҳитни шакллантириш, коррупцион ҳолатларни келтириб чиқарувчи омиллар, сабаблар ҳамда "туйнук"ларни бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Дилмурод Сайидқулов,
вилоят прокурори ўринбосари.