Британиялик олимлар машҳур Дамашқ пўлатининг ватани Ўзбекистон эканини айтишмоқда

Буюк Бртаниянинг Лондон шаҳридаги машҳур “Travellers Club”ида “Янги Ўзбекистон: бебаҳо маданий ташаббуслар” мавзусида медиа-ивент ўтказилди.

Тадбирга Ўзбекистон маданий меросини тадқиқ этаётган бир гуруҳ британиялик олимлар ва мутахассислар таклиф этилди.

Хусусан, Лондон университети, Археология институти экспертлар гуруҳи ўз тақдимотида Шарқда довруқ таратган Дамашқ пўлати бугунги Ўзбекистон ҳудудидан қазиб олинган темир рудаларидан ишланганини маълум қилишди. Доктор Миляна Радзявович бошчилигидаги олимлар бир пайтлар Ўзбекистон ҳудудидаги конлардан қазиб олинган руда намуналари, қимматли тоғ жинслари ва хомашё маҳсулотларини текширувдан ўтказиб, ана шундай қарорга келишганини таъкидлади.

Шунингдек, Фарғона водийсидаги Ахсикент ҳудудидан тигель пўлати қазиб олиш ва ишлаб чиқариш кўламини ўрганиш бўйича кенг қамровли тадқиқотлар олиб бориш режалаштирилган.

Миляна Радзявовичнинг айтишича, “IX асрдан бошлаб Марказий Осиёда, хусусан, бугунги Ўзбекистон, Туркманистон ва Ҳиндистон ҳудудларида бир қатор пўлатни қайташ ишлаш марказлари фаолият кўрсатган. Муттасил савдо алоқалари ва маҳсулот айирбошлаш орқали илк ислом маданияти даврида Марказий Осиёда ишланган пўлат Дамашққача кириб борган. Ушбу хомашёдан дамашқлик усталар дунёга машҳур қилич ва шамширларни ясашган”.

Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов ушбу тадқиқотнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади:

«Британиялик олимларнинг ушбу изланишлари биз учун ғоят муҳим. Ҳозир биз ўта шов-шувли кашфиёт остонасида турибмиз. Бу кашфиёт нафақат машҳур Дамашқ қиличлари ҳақидаги анъанавий тасаввурларни ўзгартиради, балки Ўзбекистон Буюк Ипак йўлида қанчалик муҳим роль ўйнаганини яна бир бор исботлайди”.

Эслатиб ўтамиз, ушбу тадбир Ўзбекистон ҳукумати, мамлакатимизнинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландиядаги элчихонаси кўмагида, Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти, ЎзЭОАВМА, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва халқаро «Eriell Group» компанияси билан ҳамкорликда ўтказилди.