Бу йил чет тили бўйича мутахассис тайёрловчи ОТМларда кириш имтиҳонлари ижодий (амалий) бўлади

Тест синовлари билан боғлиқ саволларга Давлат тест маркази Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи Воҳид СИРЛИБОЕВ жавоб берди

- Чет тилини билиш даражаси бўйича сертификатга эга бўлганларга ўша фандан неча балл берилади?
- Чет тилини билиш даражаси бўйича хорижий ва миллий сертификатнинг В2 ва ундан юқори даражасига эга бўлган абитуриентларга ўша фандан тест топшириш блокида белгиланган максимал балл берилади. Бунда Тошкент давлат юридик университетида мазкур сертификатдаги ёзиш кўникмаси учун алоҳида талаблари мавжуд (масалан, IELTS Writing 5.5 дан кам бўлмаслиги керак). Шу ўринда яна бир ҳолат бўйича маълумот бериб ўтишимиз керак. Бу йилдан бошлаб, Вазирлар Маҳкамасининг 34-сон қарорига мувофиқ, чет тили бўйича мутахассис тайёрловчи 6 та олий ўқув юртида чет тили фанидан кириш имтиҳонлари ижодий (амалий), яъни, тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш кўникмалари бўйича ўтказилади. Бунда абитуриентга ҳар бир кўникма бўйича тўплаган баллари йиғиндиси шаклида балл қўйилиб, ДТМ маълумотлар базасига киритилади.

- Агар абитуриент асосий икки фандан ҳам сертификатга эга бўлса, у фақат мажбурий блокдаги 3 та фаннинг саволларини ечадими?
- Агар абитуриент тест синовлари блокидаги асосий 1-фан ва 2-фанлардан имтиёз берувчи сертификатларга эга бўлса, у фақат мажбурий фанлар блокидаги саволларга жавоб беради, ажратилган вақт ҳам мазкур вазиятда мос равишда 1 соатни ташкил этади.

- Талаба ўз хоҳишига кўра, бу йилги тест синовларида қатнашиши мумкинми? Агар у ўқишга кириб кетса, аввалги ўқишини ташлаб, кейинги кирган ОТМда ўқиши мумкинми?
- Онлайн рўйхатдан ўтиш тизимида ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаган. Талабалар ҳам ўз хоҳишига кўра, тест синовларида иштирок этиши мумкин. Борди-ю, янгидан танлаган йўналишига ўқишга қабул қилинса, хоҳишига кўра, олдинги ўқиш жойидан аризасига кўра, талабалар сафидан чиқарилиб, кейинги ОТМда ўқишини давом эттириши мумкин.

- Бу йил тест синовларига яна қандай ўзгаришлар киритиляпти?
- Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 13-сон баёни билан бу йилги тест синовларида фан блоклари, тест топшириқлари сони ва баҳолаш мезонлари тасдиқланди. Унга кўра, асосий блок фанларидаги тест топшириқлари сони 30 тадан ҳамда мажбурий фанлар блокидан ҳар бир фандан тест топшириқлари сони 10 тадан, жами 30 та қилиб белгиланди. Баҳолаш мезонида ҳам ўзгариш мавжуд. 1-блок фани бўйича ҳар бир тўғри жавоб учун 3.1 балл, 2-блок фани бўйича ҳар бир тўғри жавоб учун 2.1 балл, мажбурий фанлар блоки бўйича ҳар бир тўғри жавоб учун 1.1 балдан баҳоланади. Абитуриент тўплаши мумкин бўлган максимал балл 1-блокдан 93 балл + 2-блокдан 63 балл + мажбурий фанлар блокидан 33 балл = 189 бални ташкил этади.