Бу йил “Шарқ тароналари” янгича руҳда ўтказилади
Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивалига юқори савияда тайёргарлик кўрилмоқда. Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида ўтказиладиган мазкур санъат анжуманининг бу галгиси «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисидаги янги тасдиқланган низом асосида бўлиб ўтади.
Шарқ мамлакатлари мусиқа санъатининг анъаналарини асраш, маданий мулоқотни янада ривожлантириш, Шарқ халқларининг анъанавий мусиқа санъати соҳасидаги илмий ўрганиш ва изланишларни ҳамкорликда амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташкил этиладиган фестивал доирасида очиқ концертлар, ижодий учрашувлар, илмий ва матбуот анжуманлари шаклидаги махсус дастурлар, давра суҳбатлари, тақдимот ва маҳорат дарслари, илмий-амалий конференция ташкил этилиши режалаштирилган.
Низомга асосан «Энг яхши миллий қўшиқ ижроси учун» халқаро танлови ўтказилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, ижодий уюшмалар, жамғармалар ва бошқа ташкилотларнинг мустақил ҳайъат аъзолари ва мухлислар эътирофига сазовор бўлган иштирокчилар «Энг ёш иштирокчи», «Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи», «Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси» ва бошқа шу каби номинациялар бўйича махсус диплом ҳамда пул мукофоти билан тақдирланадилар.
Танлов иштирокчиларининг чиқишларини Ташкилий қўмита томонидан тузиладиган етти кишидан кам бўлмаган таркибдаги Халқаро ҳайъат баҳолаб боради. Баҳолаш жараёнида қўшиқларнинг миллийлиги, шеърларнинг оҳанг билан мутаносиблиги ва мазмундорлиги, қатнашчининг ижро савияси, кийиниш маданияти ва саҳна ҳаракати танловнинг асосий мезонлари ҳисобланади. Халқаро ҳайъат томонидан танлов иштирокчиларининг чиқишлари иккита йўналиш, яъни профессионал (классик) даражадаги халқ мусиқаси ва қўшиқ йўналиши ҳамда замонавий композиторлар томонидан яратилган мусиқа ва қўшиқ йўналиши бўйича баҳоланади.
Тўлқин СИДДИҚОВ.