Булунғур тумани ҳокими Баҳодир Баҳромов энг мураккаб вазиятда қандай йўл тутганини гапириб берди
– 2017 йилдан бери ҳоким сифатида фаолият кўрсатаётган бўлсам-да, унга қадар бир қатор тажрибали ҳокимлар билан ёнма-ён, елкама-елка ишлашимга тўғри келган, - деди Б.Баҳромов вилоят Матбуот уйида ўтказилган анжуманда. – Биргаликда ишлаган пайтларим уларнинг жуда кўп мураккаб вазиятларга тушиб қолганини, ундан чиқиш учун баъзида ноқонуний ишларни ҳам бажаришга мажбур бўлганига гувоҳман. Муаммо жуда кўп, уларни ҳал қилиш керак, аммо маҳаллий бюджетда маблағ йўқ. Ўша йиллари ҳокимларнинг қийин вазиятларда ишлаганини кўпчилик айтади.
Мен фаолиятимни бошлаган йиллари ҳокимларга имконият берилди. Аҳолига зарур ёрдам кўрсатиш ва у ёрдам нимадан иборатлиги қисман бўлса-да, ҳокимлар томонидан ҳал этилмоқда. Ҳоким сифатида иш бошлганимда табиийки, биринчи навбатда муаммоларга, залворли масалаларга дуч келдим. Ҳатто, ҳокимиятга кириш биносида тузук чироқ ёнмасди.
Дарвоқе, ҳозир Булунғур туман марказидаги 11 та кўчанинг барчасига ёриткичлар ўрнатилди. Муаммоларнинг барчасини қоғозга ёзиб чиқиб, уларни босқичма-босқич ҳал қилишга киришдим.
Биз доим кўникиб қолган йўлдан бормаган томонларим бўлгандир, аммо барчаси қонуний асосда бўлди. Ўзим ички ишлар идораларида фаолият юритганим учун биринчи галда ноқонуний иш тизимига қарши чиқдим.