Булунғур Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман

Бу ҳудудга, одамлар ҳаётига қандай янгилик олиб киради?

Булунғур вилоятимизнинг жуда қулай жуғрофий ҳудудида жойлашган. Ҳудудидан автомобиль, темир йўллари ўтиши, Зарафшон дарёси, Булунғурариқ каналининг оқиши уни чинакам бунёдкорлик масканига айлантириш имконини беради. Шу сабабли туман аҳли Давлат раҳбарининг Булунғурни Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туманга айлантириш борасидаги таклифини мамнуният билан қабул қилди.

Хўш, туманнинг янги қиёфасини барпо этиш ҳаракати қандай бормоқда? Биз бу саволга жавоб излаб туманда бўлиб қайтдик.

Биринчи навбатда инфратузилма бўлади

- Кейинги икки-уч йилда Президентимизнинг алоҳида эътибори натижасида туманни ривожлантириш бўйича бир қатор қарорлар, дастурлар қабул қилинди, - дейди туман ҳокими Самандар Астанов. – Хусусан, ўтган йилнинг 1 апрель куни Президентимиз томонидан қабул қилинган “Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида” ги қарори билан 2025-2026 йилларда туманимизни комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланганди. 28 банддан иборат дастур асосан, саноат, хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш, яшил ёндашув ва тамойилларни жорий этиш йўналишларини ўз ичига оларди.

Давлатимиз раҳбари имзолаган бошқа бир ҳужжат билан “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман” мақоми берилди. Бунда аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш кўзда тутилган.

Шу ўринда айтиб ўтиш керак, биринчи ҳужжат билан туманимизга 70 миллиард сўм ажратилган бўлса, кейингисида қўшимча 30 миллиард сўм маблағ бериладиган бўлди.

Табиий савол туғилиши мумкин, бунча пулга нима қилинади, у қаерларга сарфланади?

Албатта, биз каби «оғир» туман ва маҳаллалардаги аҳоли ва тадбиркорлар учун солиқ имтиёзидан кўра, кўпроқ йўл, сув, электр таъминотини яхшилаб бериш муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, йўл, муҳандислик коммуникациялари ва коммунал хизматлар тармоқларини модернизация қилиш ишлари амалга ошириляпти.

Жумладан, дастур доирасида 8,5 километр асфальт қопламали автомобиль йўллари қурилади ва таъмирланади. 7 километр ичимлик сув тармоқлари тортилади ҳамда 2 та ичимлик сув иншооти барпо этилади. 3,6 километр оқова сув тармоқлари, 2 та оқова сув иншооти қурилади.

Электр таъминотини барқарорлаштириш мақсадида 1 та 1000 кВт қувватли трансформатор подстанцияси ўрнатилади. Шунингдек, 29,5 километр электр тармоқлари реконструкция қилиниб, 157,8 километр электр узатиш тармоқлари мукаммал, 386,5 километри жорий ҳамда 112 та трансформатор пункти жорий таъмирланади.

Дарвоқе, энди Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туманларда барча давлат идоралари ва ижтимоий соҳа муассасалари бинолари фақат энергия самарадорлиги тамойиллари асосида қурилади ва модернизация қилинади.

Бундан ташқари, 2027 йил 1 январга қадар давлат идоралари, давлат иштирокидаги корхоналар ва ижтимоий соҳа муассасалари энергия тежамкор ускуналар билан тўлиқ жиҳозланади.

Фаровонлик ошади

Мутасаддиларнинг айтишича, туман марказидаги Булунғур шоҳ кўчаси 24/7 тизимида ишловчи кўнгилочар кўчага айлантириляпти. Унинг атрофида савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари яратилади.

Аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида 5 километр пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади. Кўчаларга 300 та замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилади.

Шунингдек, Реновация дастури асосида Гулистон ва Булунғур маҳаллалари ҳудудида эски кўп қаватли ва якка тартибдаги уйлар ва нотурар объектлар ўрнида кўп қаватли уй-жойлар қуриладиган бўляпти. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида ер майдони лотларга ажратилиб, уларнинг 10 таси аукцион савдосига чиқарилган.

- Туман ҳудудидан ўтган Булунғурариқ канали атрофида шу пайтгача одамлар чорва қилган, дарахт эккан, умуман, ёрдамчи хўжалик сифатида фойдаланган, - дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шавкат Аҳатов. – Айни пайтда бу ерда дам олиш, соғломлаштириш масканлари ташкил этиш, туризм учун замонавий хизматларни йўлга қўйиш ишлари олиб бориляпти.

Бунинг учун канал бетонлаштириляпти. Йўлга асфалть қопламаси ётқизилиб, канал ёқасидаги 35 гектар бўш майдон келгусида хизмат кўрсатиш масканлари ташкил этиш учун аукционга чиқарилмоқда. Янги иш ўринлари яратиб, бюджетга қўшимча тушум бўладиган бу ишлар аҳолининг мароқли дам олишига хизмат қилади.

Дастурда доирасида туман марказидаги “Ҳумо” ёшлар сайилгоҳида давлат-хусусий шериклик асосида “Ёшлар микроҳудуди” ҳамда 11 гектар майдонда амфитеатр, болалар ўйингоҳи, ёпиқ турдаги сузиш ҳавзаси ва бошқа кўнгилочар хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этиш белгиланган. Шу пайтгача боғда кутубхона ташкил этилиб, унинг ёнида эса енгил атлетика бўйича спорт зали қурилган. Янгидан қурилган амфитеатр турли тадбирлар учун хизмат қилмоқда. Шу кунларда “Диёр” стадионини таъмирлаб, ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун зарур шароит яратиш ишлари амалга оширилмоқда.

Эрганакли туризм қишлоғи бўлади

Булунғурга кейинги йилларда алоҳида эътибор қаратилаётгани, табиийки, ҳудудда янги имкониятлар эшигини очмоқда. Мисол учун, бугунги кунда туманда 20 га яқин археологик, 6 та архитектура маданий мерос объекти рўйхатга олинган. Сайёҳлар диққатини тортадиган ушбу жойлар туризм масканига айлантирилмоқда.

Суҳбатдошларимизнинг айтишича, ўтган йилди Хўжа Ҳофиз Меросий зиёратгоҳига олиб борувчи 5,5 километр йўл таъмирланиб, 6,5 километр ичимлик суви, 5,5 километр электр тармоқлари тортилган.

Шу кунгача Шероз қалъага олиб бориладиган 13 километр йўлга асфальт ётқизилди. 2,5 километр ичимлик суви, 3,5 километр электр энергияси тармоқлари тортилиб, 29 дона ёритиш чироқлари ўрнатилган. Археологик қазишма вақтида темурийлар даврига хос ноёб ёдгорликлар топилган ернинг том қисми ёпилди. Қалъа ҳудудида битта автотураргоҳ, 1,5 километр саломатлик йўлакчалари ҳамда Булунғурариқ устига кўприк қурилган.

— Туман ҳокимининг қарори билан Шероз қалъани қайта тиклаш учун 4 гектар майдон ажратилди, — дейди Хўжа Ҳофиз Меросий зиёратгоҳи ва Шероз қалъа ёдгорлиги раҳбари Нарзулла Қорабоев. — Қалъа мукаммал қурилган. Бу ерда Амир Темурнинг қароргоҳи, ҳарбий аскарлар учун ошхона ва кўплаб хоналар бўлган. Қалъа қамалда қолган пайтлар Булунғур ариғидан сув олиш учун яширин йўлдан фойдаланилган. Шероз қалъа тарихини тўлиқ ўрганиш, қазиш ишларини олиб бориш, топилган ноёб топилмаларни реставрация қилиш борасида лойиҳалар тайёрланмоқда.

Буларнинг барчаси жорий йилда хорижий туристлар сонини 1000 нафарга етказиш, маҳаллий сайёҳларни эса 5 мингта бўлишини режалаштиришга туртки бўлмоқда. Албатта, бунинг учун Эрганакли маҳалласига туризм қишлоғи мақомини олиш, Шероз қалъа мажмуасига инфо-тур ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, Ғўбдин тоғининг "Етимсой дараси"да музей ташкил қилинади.

Бандлик муҳим масала

Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туманлар ривожлантириш учун республика бюджетидан 100 миллиард сўмдан ажратилаётганини юқорида айтдик. Булунғурлик мутасаддиларнинг айтишича, ҳудудларда иқтисодий ўсишга туртки берадиган драйвер лойиҳаларни амалга ошириш учун республика бюджетидан 2 триллион сўм йўналтириларкан.

Қайд этилишича, “Ғўбдин” массиви ҳудудида туман ҳокимлиги захирасидаги 159 гектар ер майдонида импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган технологик лойиҳалар амалга оширилади. “Ғўбдин”, “Амир Темур”, “Қўнғирот”, “Килдон” кичик саноат зоналари ва “Амир Темур” ёшлар саноат зонаси зарур муҳандислик коммуникациялари билан таъминланади.

Умуман, жорий йилда хизматлар ҳажмини 1 триллион 527 миллиард сўмга етказиш режалаштирилгани туманда бу соҳанинг қанчалик муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади. Савдо, маиший хизматлар, автосервис, ахборот технологиялари, туризм хизматлари каби йўналишларда янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Айниқса, ёш тадбиркорлар томонидан очилаётган кичик сервис марказлари, устахоналар ва хизмат кўрсатиш нуқталари маҳаллалар иқтисодиётини жонлантирмоқда. Бу эса аҳоли учун қулайлик яратибгина қолмай, балки янги иш ўринларини ҳам пайдо қилмоқда.

Масалан, М-39 автомагистраль йўлининг Самарқанд, Улуғбек, Каттақишлоқ, Янгиариқ, Олмазор ва Ғўбдин маҳаллалари ҳудудидан ўтган йўл бўйларида 100 га яқин савдо ва хизмат кўрсатиш шаҳобчалари очилади.

Бундан ташқари, 2026 йилда саноат маҳсулотлари ҳажмини 1 триллион 633 миллиард сўмдан ортиққа етказиш режалаштирилгани бежиз эмас. Бу рақамлар ортида янги корхоналар, янги иш ўринлари турибди. Туманда ташкил этилаётган кичик саноат зоналари, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланишга қаратилган лойиҳалар ва янги ишлаб чиқариш қувватлари саноат соҳасининг янада ривожланишига хизмат қилмоқда.

Анъанавийликдан ибрат бўлиш сари

Булунғур тумани қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, мева-сабзавот ва ғалла етиштиришга ихтисослашган ҳудуд саналади. Рост, бу йўналишларда аҳоли ҳамда фермер хўжаликлари катта тажрибага эга. Бироқ йиллар давомида одамлар турмуши, ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўзгариш ясамаган бу анъана Янги Ўзбекистон лойиҳаси сабаб тубдан ўзгармоқда.

- Қишлоқ хўжалиги бўйича ҳар бир маҳалланинг имкониятларидан келиб чиқиб, ихтисослашуви, драйвер йўналишлар белгиланмоқда, – дейди С.Астонов. – Масалан, Килдон маҳалласида нок етиштириш оммалашмоқда. Сарқипчоқ маҳалласидаги бир фуқаромиз бу борада тажриба тўплаган, ўзи ниҳол етиштиришдан боғ яратишгача барча жараёнларни босиб ўтган. Кейинчалик қўни-қўшнилари, маҳалладошларига нок етиштиришни ўргатган. Ҳозирда шу атрофдаги уч маҳалла аҳли шу иш билан шуғулланмоқда.

Умуман, 2026 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 6 триллион 800 миллиард сўмдан ортиққа етказиш режалаштирилган.

Мисол учун, “Булунғур-сендвик” масъулияти чекланган жамияти томонидан 280 гектар ер майдонида лукпари, булғор қалампири, лавлаги ва кабачки экилиб, 12,6 минг тонна сабзавот етиштирилади. Етиштирилган маҳсулотлар қайта ишланиб, 5 миллион долларга экспорт қилинади.

Фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан дон, сабзавот, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, чорвачилик ва паррандачилик соҳаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Масалан, парранда йўналишида “Агропарранда кластери” масъулияти чекланган жамияти томонидан Хитой давлати билан ҳамкорликда гўшт йўналишида қиймати 288 миллиард сўмлик, 100 минг бошли товуқхона ташкил этиш режалаштирилган.

Натижада, 5 миллион дона наслли жўжа етиштирилиб, шундан 15 миллион долларга 2,5 миллион бош жўжалар экспорт қилинади. 25 миллион дона инкубацион наслли тухум ишлаб чиқарилиб, 20 миллион долларга экспорт қилинади.

Бунда энг муҳими, жўжа импорти қисқариши ҳисобига наслли жўжаларга бўлган тақчиллик ва хорижга қарамлик йўқолади. Ўзбекистон парранда наслчилиги бўйича АҚШ, Хитой, Венгрия ва Германия давлатларидан кейинги 5-давлат бўлади.

Туманда картошка уруғи бўйича бренд яратишга киришилгани, 100 миллион долларлик биофармацевтика корхонасини ишга тушириш режалаштирилгани қўллаб-қувватланди. Жорий йилга мўлжалланган дастурда ушбу йўналишларда ҳам улкан режалар белгиланган.

Албатта, бу лойиҳаларнинг амалга ошиши Булунғурни янада ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.

Ёқубжон Марқаев.