Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Давлат хизматлари марказининг инновацион биноси булунғурликлар учун хизмат кўрсатишни бошлади

Булунғур туманида Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Марказнинг янги биноси давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган бўлиб, замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган. Электрон навбат тизими 5 та мониторда акс этиб туради, 20 та қабул ойнасида кўрсатиладиган хизматларда шаффофлик асосий мезон саналади. Масканга ташриф буюрувчи мурожаатчиларнинг фарзандлари учун махсус ўйин майдончаси ҳам ажратилган. Тадбиркорлар учун Бош вазир қабулхонаси, инвесторлар хонаси, банк кассаси, фуқаролик паспорти ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш хоналари ташкил этилган. Кутиш залида мўъжаз китоб жавони мавжуд бўлиб, фуқаролар бу ерда жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарларини мутолаа қилиш имкониятига эга.

Булунғур тумани Давлат хизматлари маркази томонидан жорий йилнинг 10 ойи давомида 33862 та хизматлар кўрсатилган. 1411 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Хорижий инвестиция иштирокидаги 7 та (3 та қўшма, 4 та хорижий) корхоналар давлат рўйхатига олинган.

Йил якунига қадар худди шундай замонавий кўринишдаги Давлат хизматлари маркази бинолари Пайариқ, Оқдарё ҳамда Ургут туманларида ҳам барпо этиш режалаштирилган.

Даврон ЖАМОЛОВ.