Депутат аҳоли билан фикр алмашди

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округида бўлиб, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Мустақиллик байрами ҳамда конституцион ислоҳотларга бағишлаб очиқ мулоқот ва суҳбатлар, долзарб мавзулар бўйича фикр алмашувлар, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бормоқда.

Шундай учрашувлардан бири депутат Улуғбек Вафоев томонидан Пайариқ туманида ўтказилди. Учрашувда депутат мустақиллик йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида муҳим ишлар бажарилгани, қисқа муддатда мамлакатимиз Конституцияси ишлаб чиқилгани, замонавий давлатчилик асослари, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари шакллангани ҳақида гапирди.

- Кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар олиб бориляпти, - деди У.Вафоев. - Ушбу қисқа вақт ичида Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилди, валюта бозори эркинлаштирилди, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилди, мажбурий меҳнат, шу жумладан болалар меҳнати тугатилди, олий таълимга қабул квоталари оширилди, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва давлат органларининг очиқлиги бўйича янги тизимнинг жорий этилди. Албатта, мазкур ислоҳотларни санашни яна давом эттириш мумкин. Лекин мухтасар айтганда, ушбу ислоҳотларнинг асосий мақсади, бу - янги Ўзбекистонни барпо этиш, яъни, халқпарвар давлатни барпо этиш ҳамда ушбу давлатда инсоннинг қадр-қимматини таъминлашдир.