Депутатлар дорихоналардаги ҳолатни танқид қилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдулла Асланов ва O‘zLiDeP Самарқанд тумани Кенгаши раиси Абдужаббор Умаров ва туман Кенгаши депутати Акбар Маҳмудовлар Самарқанд тумани ҳудудидаги дорихоналарнинг санитария ҳолатини ўрганиш жараёнида, бир қатор дорихоналарда антисанитария ҳолатларни аниқлашди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан депутатлар муассасалар раҳбарларига зарур тавсиялар берди.
- Бугун аҳоли энг гавжум жойлар - бозорлар ва дорихоналар, - деди А.Асланов. - Тозаликни айнан шу жойлардан бошласак, пандемияга қарши курашимиз самарали кечади. Дорихоналарда вақти-вақти билан полларни, савдо қилинадиган шохобчаларни, эшикларни хлорли сув ва махсус антисептик воситалар билан артиб туриш лозим. Аммо ўрганишлар жараёнида айрим дорихоналарда санитария-гигиена талаблари эсдан чиқиб, асосий эътибор савдога қаратилганлигига гувоҳ бўлдик. Уларга депутатларимиз томонидан огоҳлартиришлар ҳам берилди.
Шунингдек, депутатлар Самарқанд тумани СЭОМда бўлиб, туманда коронавирусдан ҳимояланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Туман СЭОМ бошлиғи Обрўй Бойқобиловнинг айтишича, 20 март ҳолатига кўра, ҳудудда коронавирус билан касалланган беморлар аниқланмаган. Бугун нафақат туманда, балки Самарқанд вилоятида пандемиядан ҳимояланиш бўйича чора-тадбирлар асосида вазифалар белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон ҳаво йўллари ва Ўзбекистон темир йўллари орқали хориждан келган 304 нафар фуқаролар 14 кунлик карантинга олинган. Бундан ташқари, хориждан келадиган фуқароларни вақтинча аҳолидан изоляция қилиш учун яна 1000 та жой тайёрланган.
Бахтигул ҚАРШИЕВА.