Дохада Афғонистон бўйича музокаралар бошланади
"Қатар пойтахти Доха шаҳрида «Толибон» иштирокида Афғонистондаги вазият бўйича музокаралар бугун, 10 август куни бошланади, - дея хабар беради РИА Новостига Афғонистон Тинчлик масалалари бўйча вазирликдаги манба. - Музокаралар 3 кун давом этади. Учрашувда радикал «Толибон» вакиллари ҳам қатнашади".
Маълум қилинишича, музокараларда Афғонистон ҳукуматидан Афғонистон миллий яраштирув юқори кенгаши раҳбари Абдулла Абдулла, Афғонистон Миллий хавфсизлик бошқармасининг собиқ бошлиғи Масъум Станекзай ва Тинчлик масалалари бўйича вазир Сайёд Садат Мансур Надери қатнашади.
Афғонистонда ҳукумат кучлари ва «Толибон» жангарилари ўртасидаги қарама-қаршилик бир неча йиллардан бери давом этмоқда. «Толибон» сўнгги ойларда қишлоқ ва чегарадош муҳим ҳудудларни эгаллаб олиб, йирик шаҳарларга ҳужум уюштирди. Зиддият Америка қўшинларини олиб чиқиш фонида кескин ортмоқда.
«Толибон» 6 август куни Афғонистон жануби-ғарбидаги Нимроз вилояти маркази Заранж шаҳрини эгаллаб олганини эълон қилди. Заранж 2016 йилдан бери "Толибон" қўлига ўтган Афғонистоннинг биринчи вилоят маркази бўлди. Шундан сўнг, улар Афғонистоннинг 34 вилоятининг бешта маъмурий марказларини, жумладан, Тожикистоннинг энг яқин чегара пунктидан 60 километр узоқликдаги Қундуз шаҳрини эгаллаганликларини эълон қилди.
Бир қатор Ғарб оммавий ахборот воситалари маълум қилишича, Қундуз шаҳрининг исёнчилар қўлига ўтиши Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишида бурилиш нуқтасини англатиши мумкин. Шу билан бирга, расмий Қобул Қундуз устидан назорат йўқолгани ҳақидаги маълумотни рад этди. Лекин афғон ҳарбийлари вилоятлардан бирининг маъмурий маркази устидан назоратни қайта қўлга киритгани ҳақида хабар берилди.